Фарғона вилоятида тўғридан тўғри инвестициялар оқимини кўпайтириш ҳамда хорижлик сармоядорлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Сингапурнинг “Indorama Corporation” компанияси билан ўтказилган видеомулоқотда истиқболли лойиҳаларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, компания кейинги йилларда вилоятда тадбиркорлик фаолиятини юритиб келмоқда. Бу борада Қўқон шаҳрида тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Айни жараёнда ўзаро ишончли ҳамкорлик кўлами замонавий мезонлар асосида ривожланмоқда.
Мулоқот жараёнида Қўқон шаҳридаги “Indorama Kokand textile” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси фаолиятини янада кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Сингапур капитали иштирокидаги “Қўқон суперфосфат заводи” акциядорлик жамияти негизида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш масалалари ўрганилди.
Суҳбат давомида Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров яқинда компаниянинг йирик лойиҳаларидан бўлган “Indorama Kokand Textile” қўшма корхонаси ва “Қўқон суперфосфат заводи” акциядорлик жамияти иш фаолияти билан танишгани бўйича ҳам айтиб ўтди. “Indorama Kokand Textile” қўшма корхонасида текстил соҳасини имкон қадар кенгайтириш, мато ишлаб чиқаришни бошлаш, сочиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Компаниянинг Қўқон шаҳрида янги қурилаётган лойиҳаси бўлган “Қўқон суперфосфат заводи” акциядорлик жамияти масаласида ҳам фикр алмашилди. У ерга инвестиция киритиш, замонавий технологияларни келтириш, лабораторияларни қуриш ишларини жадаллаштириш каби масалалар муҳокама этилди. Завод томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг қишлоқ хўжалиги учун керакли бўлган, ҳар бир контурдаги ер учун алоҳида ўғит чиқарилиши, ернинг структураси бўйича тузланган, тузланмаганлигига қараб ўғитни ҳар хил қилиб чиқарилиши юзасидан келишиб олинди.
Видеомулоқотда компания Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида кластер тизими асосида фаолият олиб бораётгани маълум қилинди. Бу каби лойиҳаларни вилоятнинг Бешариқ, Ўзбекистон ва Данғара туманларида ҳам ташкил этиш истаги билдирилди.
“Indorama Corporation” компанияси директори Пракаш Кежривал Фарғонадаги лойиҳаларнинг ҳолати хусусида сўз юритиб, вилоят ҳокимлигига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
Мулоқотда ҳар икки томонни қизиқтирган масалалар муҳокама этилиб, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олинди.