Индонезия телеканалида Ўзбекистон буюк алломалар юрти сифатида эътироф этилди
Кейинги йилларда Индонезия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси, айниқса, ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига бўлган қизиқиш сезиларли даражада ортиб бормоқда.
Мамлакатнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва бугунги тараққиёти ҳақидаги материаллар мунтазам равишда ёритилмоқда. Бу эса юртимизнинг халқаро миқёсдаги ижобий имижи янада мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Жумладан, Индонезиянинг машҳур “Garuda TV” телеканалида Ўзбекистонга бағишланган махсус кўрсатувлар эфирга узатилди. Ушбу дастурлар мамлакатимизнинг Жануби-шарқий Осиёдаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Кўрсатувларда мамлакат нафақат қадим цивилизация маркази, балки ислом илм-фани тараққиётига катта ҳисса қўшган буюк алломалар юрти сифатида кенг ёритилди. Айниқса, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий меросига алоҳида эътибор қаратилди.
Материалда Имом Бухорийнинг ҳадис илмини ривожлантириш ва тизимлаштиришдаги хизматлари, унинг машҳур “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари орқали ислом оламида мустаҳкам илмий асослар яратгани таҳлил қилинди ва таъсирчан тарзда баён этилди.
Шу билан бирга, Имом Бухорий мақбараси нафақат зиёратгоҳ, балки бутун мусулмон дунёси учун муҳим маънавий ва илмий марказ сифатида талқин этилди. У ерда олиб борилаётган тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик ва зиёрат туризмининг ривожи ҳам алоҳида таъкидланди.

Теледастурда Самарқанд шаҳри жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида намоён қилинди. Хусусан, Амир Темур мақбараси ва Регистон майдони орқали темурийлар давридаги юксак маданий ва илмий салоҳият ёритилди.
Улуғбек расадхонаси мисолида илм-фан тараққиёти, Руҳобод мажмуаси орқали эса турли цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ғоялари кенг очиб берилди. Шунингдек, анъанавий ҳунармандчилик, каллиграфия ва миллий таомлар мамлакатнинг бой маданий меросини акс эттирувчи муҳим жиҳатлар сифатида кўрсатилган.

Тошкент шаҳри мисолида эса замонавийлик ва тарихий мерос уйғунлигига алоҳида урғу берилди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти орқали ислом меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ишлари ёритилди. Ҳазрати Имом мажмуаси ва Чорсу бозори орқали миллий анъаналар ва маънавий ҳаёт уйғунлиги намоён этилди.
Умуман олганда, “Garuda TV” томонидан тайёрланган мазкур дастурлар Индонезия аҳолисига Ўзбекистонни, аввало, Имом Бухорий каби буюк алломалар етишиб чиққан, ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган юрт сифатида танитмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг замонавий тараққиёт йўлидан изчил илгарилаётгани, очиқ ва халқаро ҳамкорликка тайёр давлат экани ҳам намоён қилинмоқда.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА