Имтиёз ва имкониятлар самараси
Жиззах вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Вилоят солиқ идоралари томонидан 2016 йилнинг биринчи чорагида 129 текширув ўтказилган бўлса, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига асосан жорий йилнинг биринчи чорагида қисқа муддатли текширувлар умуман ўтказилмади. Бироқ, текширишлар камайгани солиқ назорати сусайди, дегани эмас. Аксинча, режадан ташқари текширишлар бекор қилингани Солиқ кодексида кўзда тутилган тадбиркорлик фаолиятига аралашмасдан амалга ошириладиган камерал назорат сифатини оширишни тақозо этаётир.
Маълумки, камерал назорат ташқи манба маълумотлари, тадбиркорлик субъектларининг тегишли ташкилотларга топширган молиявий ва солиқ ҳисоботларини чуқур таҳлил қилган ҳолда амалга оширилади. Жорий йилнинг биринчи чорагида солиқ идоралари томонидан ўтказилган камерал назорат натижасида 24,8 миллиард сўмлик хато ва камчиликлар аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти юзасидан йирик пул айланмалари бўйича солиқ идоралари ва тижорат банкларидан олинган маълумотларга асосан ўтказилган камерал назорат таҳлилларига кўра, 21 ҳолатда даромадни яшириш, бир неча нақд пул тушумини банкка топширмаслик ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси, унинг туман ва шаҳар инспекциялари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, эркин фаолият кўрсатиши, белгиланган имтиёз ва енгилликлардан тўла фойдаланиши учун имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Юқорида зикр этилган фармонга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари томонидан инсон соғлиги ва ҳаётига зарар етказилмайдиган, моддий зарар ихтиёрий равишда қопланган, биринчи марта содир этилган ҳуқуқбузарликлар молиявий жазодан озод қилинмоқда. Фармонда белгиланган ушбу енгилликларни қўллаш натижасида жорий йил биринчи чорагида 5 тадбиркорлик субъекти 11 миллион сўмлик молиявий жаримадан озод қилинди.
– Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ижроси доирасида тадбиркорларга жами 31,5 миллиард сўмлик имтиёзлар қўлланилди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Мустанов. – Тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланаётгани иқтисодиётимиз барқарор ривожланишига, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг манбаи бўлган солиқ тушумлари кўпайишига хизмат қилмоқда. Тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар давлат бюджети ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар бўйича қарздорликнинг камайишига хизмат қилмоқда.
Яратилаётган қулайлик ва енгилликлардан кўзланган мақсадни ҳар бир тадбиркорга тўлиқ тушунтириш учун барча туман ва шаҳарларда ўқув-семинарлари ўтказилди. Солиқ назоратчиларининг тадбиркорлар билан учрашувлари, суҳбатлари кундалик фаолиятдаги доимий ишга айланмоқда. Амалга оширилаётган бундай ишлар туфайли жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан савдо, пул айланмаси, нақд пул тушуми кўпайди. Бу эса пенсиялар, бюджет ташкилотлари ходимларига ойлик иш ҳақи, бошқа ижтимоий тўловлар ўз вақтида тўланишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда.