Имтиҳонлар байрамона руҳда ўтмоқда
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талабалар учун энг муҳим синовлардан бири - якуний давлат аттестация имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур олий ўқув юрти ҳудудида ўзгача кайфият ҳукм сурмоқда: бу ерда нафақат илмий қатъийлик, балки байрамона кайфият, қувонч ва ғурур ҳам сезилмоқда.

Талабалар ўзларининг кўп йиллик меҳнатлари, сабр-тоқатлари ва орзу-интилишларининг натижасини кўрсатадиган кун бу. Уларнинг ҳаётидаги навбатдаги муҳим босқич – диплом олиш, мутахассисликни тасдиқлаш йўлидаги сўнгги қадамлари ушбу имтиҳонлар орқали баҳоланади.

Энг эътиборлиси, бу жараёнда ота-оналар ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар эрта тонгдан фарзандларига ҳамроҳ бўлиб, уларни руҳлантириб, ижобий муҳит яратишга ҳаракат қилмоқда. Университет атрофи қувноқ чеҳралар, самимий табассумлар ва илҳомбахш тилакларга тўлиб-тошган.

Баъзи ота-оналар фарзандларининг талаба бўлган биринчи кунларидан бошлаб ҳозирги кунгача машаққатли йўлини эслаб, ҳаяжон ва фахр туйғуларини яширмаяпти.
Д.Абибуллаев,
ЎзА.