Импорт эмас, маҳаллий ишлаб чиқариш муҳим
Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва рақобатбардошлигини оширишда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш асосий талаблардан ҳисобланади.
Шу боис кейинги йилларда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, тармоқлар ва ҳудудлар доирасида маҳаллийлаштириш дастурлари қабул қилиниб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурида иштирок этаётган корхоналарга давлат томонидан бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилмоқда. Жумладан, маҳаллий саноат маҳсулотларининг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш мақсадида cooperation.uz электрон кооперация портали яратилди.

Бу ишлар самарасини Самарқанд вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, вилоятнинг 2024 йилдаги маҳаллийлаштириш дастури бўйича 64 та корхонанинг 105 та лойиҳаси доирасида 2,8 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 114,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган ва 550 та янги иш ўрни яратилган.

– Бу йил вилоятимиз маҳаллийлаштириш дастурида 119 та лойиҳа бўйича 2,8 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш режалаштирилган бўлиб, бу лойиҳаларнинг 38 таси янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ва 81 таси мавжуд лойиҳаларни кенгайтиришга қаратилган, – дейди Самарқанд вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. – Хусусан, бунда қурилиш, фармацевтика соҳаларига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки маҳалий минерал ва бошқа хомашё манбаларидан фойдаланилган ҳолда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун жозибадор бўлиб қолмоқда. Вилоятимизда бу йўналишда жуда катта имконият бор. 185 та норуда конларда 3,2 миллион тонна каолин, 17,6 миллион тонна оҳактош, 149 миллион метр куб табиий пардозбоп тошлар, 61 миллион тонна гипс ва ангидрид, 1,6 миллион тонна дала шпати, 10,2 миллион тонна шиша ва 537 миллион тонна цемент хомашёси мавжуд. Фармацевтика соҳаси ҳақида гапирганда шуни қайд этиш лозимки, республикамиз бўйича дори воситалари улгуржи савдоси билан шуғулланадиган корхоналарнинг катта қисми вилоятимизда жойлашган бўлиб, улар томонидан 2024 йилда 255,2 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари импорт қилинган ва бу 2023 йилга нисбатан 11,9 фоизга ўсган. Бу рақамларни қисқартириш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ҳозир вилоятимиздаги “SAMARKAND ENGLAND ECO MEDICAL” қўшма корхонасида инфузион ва таблетка шаклидаги дори воситалари, “OPTIMA SOBIRJON” МЧЖ да тиббиёт қўлқоплари ва инфузион системалар, “URGUT FORTUNA MEDICAL” корхонасида суюқ шаклидаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилиб, уларнинг ассортиментини кенгайтириш устида ишлар олиб борилмоқда.

Импорт қилинган маҳсулотлар таркиби ўрганилганда хориждан кўпроқ технологиялар ва бутловчи буюмлар олиб келинаётганини кўришимиз мумкин. Айни пайтда тадбиркорларимиз лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида бу маҳсулотларни ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришни ўзлаштиришаётгани қувонарли.
Н.Ибрагимовнинг қайд этишича, кейинги йилларда Самарқанддаги йирик саноат корхоналаридан бирига айланиб бораётган “AZIA METALL PROF” қўшма корхонасида ишлаб чиқариш биноларини қуришда зарур бўлган сэндвич панелларни шу ерда тайёрлаш йўлга қўйилди. Корхона таъсисчилари ўз эҳтиёжларига яраша сэндвич панелларни ишлаб чиқаргандан сўнг бу фаолиятни тўхтатиб қўймасдан, қўшимча тармоқ сифатида давом эттирди ва ҳозир ушбу маҳсулотлар қурилиш корхоналарига етказиб берилмоқда.
Шунингдек, янги цехлар учун зарур бўлган металлдан тайёрланадиган конструкциялар ҳам импорт қилинмасдан, ишлаб чиқарувчи чизмалари асосида шу ерда тайёрланди. Бу орқали корхона учун яна битта бизнес йўналиши – буюртма асосида металл конструкцияларни тайёрлаш хизмати пайдо бўлди.
Умуман, вилоятда 2025 йилда хорижий инвестициялар иштирокида амалга ошириладиган 1,4 миллиард долларлик 108 та лойиҳани амалга оширишда маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 432 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири