Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятнинг бир қисми ҳисобланади ва уларга маълум қийинчиликларни енгиб ўтиш, қобилиятларини намоён этишда ёрдам бериш, уларнинг янада тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш долзарб масалалардан бири.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришини қўллаб-қувватлаш, касбий кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоийлаштириш, ўзига бўлган ишончини ошириш ва меҳнат бозорида уларнинг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида илк бор “Имкониятлар олимпиадаси” касблар беллашуви ташкил этилмоқда.

“Имкониятлар олимпиадаси” иштирокчилари фотография, АКТ (ахборот-коммуникация технологиялари), мобилография, рассомчилик, каштачилик, кулолчилик, қандолатчилик, торначилик, дурадгорлик ҳамда қуруқ қурилиш ишлари каби 10 та йўналиш бўйича беллашмоқда.
Танловда 389 нафар ногиронлиги бўлган шахс иштирок этиш истагида махсус платформада рўйхатдан ўтган.

“Имкониятлар олимпиадаси” 2025 йил 21 апрелдан 1 майга қадар Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда. Якуний босқич ва тақдирлаш маросими 1-2-май кунлари ташкил этиладиган “Инсон учун” республика ярмаркаси доирасида бўлиб ўтади.
Танлов доирасида барча вилоятлардан 50 нафар иштирокчи ташриф буюрди. Эшитиш, кўриш, таянч-ҳаракат тизимида нуқсони бўлган – турли шаклдаги ногиронлиги бўлган иштирокчилар Ахборот - коммуникация технологиялари ҳамда фотосуратга олиш каби икки йўналиш бўйича беллашди.

Иштирокчилар АКТ йўналиши бўйича Word, Excel ва PowerPoint дастурларидаги кўникмаларини намойиш этди. Улар топшириқларни аниқ, ўзига ишонч билан ва тезда бажарди. "Фотография" йўналиши бўйича иштирокчилар камерани созлаш, ёруғлик билан ишлаш, ускуналарни йиғиш ва 3-5 та ҳар хил пландаги турли кадрлар яратиш каби шартларни адо этди.

Танловнинг иккинчи кунида иштирокчилар “Тасвирий санъат” йўналиши бўйича “Менинг шаҳрим” мавзусини очиб бериш вазифасини бажарди. Ишлар композиция, бажарилиш техникаси, рангларнинг уйғунлиги, мавзуга мувофиқлиги ва батафсил таснифи каби 5 та мезон бўйича баҳоланди.

Танлов иштирокчилари мобилография ва тасвирий санъат бўйича ўз маҳоратларини кўрсатиб берди.
Биринчи босқич натижаларига кўра, 1 май куни бўлиб ўтадиган финал босқичига йўл оладиган 8 нафар ғолиб аниқланди.
Танлов давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА