Имконияти чекланган шахслар учун ишга тайёргарлик тренинги ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида “Рақамли инклюзия Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар учун “Job Readiness” (Ишга тайёргарлик) мавзусида семинар ташкил этилди.
IT Park, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа иштирокчиларнинг замонавий меҳнат бозори талабларига мослашувини таъминлаш, уларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
[gallery-29415]
Икки кун давомида иштирокчилар замонавий иш муҳитида зарур қатор йўналишлар бўйича билим ва кўникмалар оширди. Жараёнда самарали мулоқот, жамоада ишлаш, муаммоларни ҳал қилиш, шахсий масъулият ва интизом каби муҳим кўникмаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, иштирокчилар ишга жойлашиш жараёнининг муҳим босқичлари билан яқиндан таништирилди. Улар иш берувчи билан интервьюдан муваффақиятли ўтиш бўйича амалий машғулотларда қатнашди. Шунингдек, ушбу интервьюлар орқали реал иш суҳбатига яқин шароитда ўзини синаб кўриш имкониятига эга бўлди.
Тренинглар доирасида онлайн даромад топиш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга ушбу йўналишлардаги платформалар орқали хизмат кўрсатиш, мижоз топиш ва ўз хизматларини таклиф қилиш бўйича тушунчалар берилди. Мазкур ташаббус ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг мустақил даромад топиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда жамиятда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.
“Рақамли инклюзия Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида бундай тренинглар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич давом эттирилади.
Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА