«Имкон» лойиҳаси битирувчилари тақдирланди
Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Нажот Таълим» ўқув маркази ҳамкорлигида имконияти чекланган ёшларни сифатли таълим билан қамраб олиш бўйича эълон қилинган «Имкон» грант лойиҳасининг битирувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, Ёшлар ишлари агентлиги ногиронлиги бўлган ёшларни IT соҳасига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий касбларни эгаллашига кўмаклашиш ҳамда фрилансерлик қобилиятларини юксалтириш мақсадида «Нажот» таълим маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган 100 нафар имконияти чекланган ёшлар учун грант лойиҳасини эълон қилган эди.
Мазкур лойиҳа веб-дастурлаш, график дизайн, моушн графика, дижитал маркетинг каби йўналишларда белгиланган. Лойиҳадан мақсад социал медиа маркетинг йўналишларида грант асосида ёшларни бепул ўқитиш, уларга фрилансерлик хизматлари кўрсатиш орқали иқтисодий даромад олиш йўлларини ўргатишдан иборат.
Иштирокчилар ўз ақлий салоҳияти ва қизиқишларидан келиб чиқиб, мазкур замонавий йўналишлардан бирини танлаб 3 ойлик курсларда бепул таълим олишди. Улардан 44 нафари яхши кўрсаткичлар билан ўқув машғулотларни якунлади.
Ўқув дастурни тамомлаган ёшларга уйда ўтирган ҳолда фрилансерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун диплом ҳамда ноутбуклар совға сифатида улашилди.
Тадбирда мазкур лойиҳа фақат Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ёшлар учун тажриба сифатида ташкил этилганлиги, лойиҳанинг самарадорлик кўрсатгичлари таҳлил қилиниб, бутун республикамизда татбиқ этилиши маълум қилинди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА