Илм йўлидаги ютуқлар
Илм йўлидаги ютуқлар
Бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари орасида илм-фан, ташаббускорлик ва жамоатчилик ишларида фаоллиги билан ажралиб тураётган иқтидорли қизлар талайгина. Ана шундай билимли, интизомли ва изланувчан ёшлардан бири – Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети кимё мутахассислиги бўйича 2-босқич магистранти Дилноза Эримбатовадир.
Дилноза Эримбатова университетга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган бўлиб, таълимнинг илк кунлариданоқ ўзининг меҳнатсеварлиги, масъулиятлилиги ва тиришқоқлиги билан профессор-ўқитувчилар ҳамда тенгдошлари орасида ҳурмат қозонди. У камтаринлиги, устозлар маслаҳатига амал қилиши ва ўз устида мунтазам ишлаши билан намуна бўлаётган ёшлардан саналади.
Талаба нафақат ўз мутахассислиги бўйича чуқур билим эгаллашга, балки тил ўрганишга ҳам катта эътибор қаратиб келмоқда. Инглиз тилидан В1 ва турк тилидан B2 даражадаги Миллий сертификат соҳибаси бўлган Дилноза мазкур тилларда эркин мулоқот қила олади.
Ҳозирги кунда у “d-металлар полиоксокатионлари билан интеркаляцияланган монтмориллонитларнинг сувли эритмалардаги органик бўёқларга нисбатан адсорбцион хусусиятларини ўрганиш” мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Илмий изланишлари натижасида унинг 40 га яқин илмий иш ва тезислари яратилган бўлиб, шуларнинг 20 дан ортиғи ОАК рўйхатидаги, импакт факторли халқаро журналлар ҳамда республика ва халқаро илмий-амалий конференциялар тўпламларида чоп этилган.
[gallery-29790]
Илм-фан соҳасидаги ютуқлари ёш олим сифатида Дилноза Эримбатованинг улкан салоҳиятини намоён этмоқда. Хусусан, 2023 йилда Нукус шаҳридаги “ИЛИМПАЗ” нашриётида унинг “Органик бирикмалар” номли ўқув-методик қўлланмаси нашр этилди. Бу эса унинг нафақат тадқиқотчи, балки ёшлар учун билим улашувчи муаллиф сифатида ҳам шаклланаётганини кўрсатади.
Ёшлар орасида етакчилик қобилияти билан эътиборга тушган Дилноза ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси “Қизлар овози” Амударё тумани Бош координатори, университетнинг “Қизларжон” клуби раиси, “Ёш олимлар” клуби координатори, “Ёш кимёгарлар” ва “Чевар қўллар” тўгаракларининг фаол координатори сифатида самарали фаолият юритмоқда.
Ёш олиманинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари муносиб баҳоланиб, жорий йилда у Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Унинг билим ва ташаббуслари муносиб рағбатлантирилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА