Илм-фан соҳасига ажратилаётган маблағлар самарадорлиги
Ҳисоб палатаси тизимли муаммолар ва уларнинг аниқ ечимлари юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан илмий ва инновацион фаолият соҳасига йўналтирилаётган давлат маблағларининг қонуний, мақсадли ҳамда самарали сарфланишини баҳолаш мақсадида кенг қамровли назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди.
Таҳлил натижалари сўнгги ўн йилликда молиялаштирилган фундаментал ва амалий лойиҳаларнинг қарийб 98 фоизи реал иқтисодиёт тармоқларига жорий этилмасдан, қоғозда қолиб кетганини кўрсатди. Ўрганишлар давомида соҳада бошқарув тарқоқлиги, бюрократик кечикишлар ҳамда қимматбаҳо лаборатория жиҳозларидан самарасиз фойдаланиш каби қатор тизимли камчиликлар аниқланган.
Хусусан, фундаментал тадқиқотдан амалиётгача бўлган узвий занжирнинг узилиб қолгани соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Таҳлилларга кўра, 2016–2026 йиллар давомида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бажарилган 763 та фундаментал лойиҳанинг атиги 64 таси (8,4 фоизи) амалий босқичга ўтган. Амалга оширилган 2 639 та амалий лойиҳадан эса бор-йўғи 119 таси (4,5 фоизи) инновацион босқичга кўтарилган бўлиб, фақатгина 13 таси (1,7 фоизи) амалий давомга эга бўлган. Хорижий тажриба билан қиёслаганда, илмий тадқиқотларни кейинги босқичга ўтказиш улуши Германияда 54,9 фоизни, АҚШда эса 52,4 фоизни ташкил этади. Мамлакатимизда эса илмий натижаларнинг 90 фоиздан ортиғи шунчаки ҳисобот даражасида қолиб кетмоқда.
Шу билан бирга, соҳага оид лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ва молиялаштириш жараёнларининг сунъий равишда кечиктирилиши илмий ишланмаларнинг ўз долзарблигини йўқотишига сабаб бўлмоқда. 2024 йилда 2 635 та, 2025 йилда эса 2 988 та лойиҳа талабномаси келиб тушган бўлса-да, уларни кўриб чиқиш ва маблағ ажратиш жараёни ўртача 8 ойдан 15 ойгача чўзилмоқда. Ўрганиш давомида 3 470 та эксперт хулосаси белгиланган муддатда берилмагани, масалан, ёғ-мой маҳсулотлари бўйича битта инновацион лойиҳага хулоса бериш нақд 287 кунга (9 ойга) чўзилгани маълум бўлди. Бундан ташқари, 510 та лойиҳа умуман илмий экспертизасиз, яна 269 таси эса молиявий экспертизасиз тасдиқланган бўлиб, бу тизимда инсон омили ва манфаатлар тўқнашуви хавфини юқорилигича қолдирмоқда.
Тизимда ягона миллий ахборот макони ва идоралараро интеграциянинг мавжуд эмаслиги ҳам бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келмоқда. 1991–2025 йиллар мобайнида давлат буюртмаси асосида 11 мингга яқин илмий лойиҳа бажарилиб, 26 мингтагача илмий ҳисобот шакллантирилган бўлса, ушбу ҳисоботларнинг 43 фоизи архивда, қолган 57 фоизи эса турли идора ва олий таълим муассасаларида тарқоқ ҳолда сақланмоқда. Ягона рақамли базанинг йўқлиги оқибатида бир хил мавзулар такрорланиб, давлат маблағлари бир мақсадга қайта-қайта йўналтирилмоқда — жумладан, тижорат банкларида кредит риски мавзуси бўйича иккита алоҳида олий таълим муассасасида мазмунан айнан бир хил тадқиқот ўтказилгани аниқланган.
Назорат тадбирлари давомида илмий инфратузилма ва қимматбаҳо жиҳозлардан фойдаланиш ҳолати ҳам танқидий ўрганилди. Маълум бўлишича, 242 та олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотда мавжуд бўлган 2 898 та лаборатория асбоб-ускунасининг йиллик ўртача фойдаланиш юкламаси 45 фоиздан (900 соатдан) ошмайди. Хусусан, Биоорганик кимё институтида 4 турдаги юқори технологик қимматбаҳо ускуна 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида умуман ишлатилмасдан бекор турган.
Аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва илм-фанга йўналтирилаётган бюджет маблағларининг реал иқтисодий самарасини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан бешта устувор таклиф илгари сурилди.
Жумладан, 2027 йилдан давлат илмий дастурларини портфель бошқарувига ўтказиш, яъни халқаро илғор тажриба (DARPA, Fraunhofer) асосида танловларни тарқоқ ҳолда эмас, балки тармоқлар ва ҳудудларнинг долзарб технологик муаммоларини ҳал қилувчи ягона портфель сифатида шакллантириш ҳамда ҳар бир якунланган лойиҳанинг кейинги мақомини мажбурий белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, барча диссертациялар, патентлар, илмий лойиҳалар ва лаборатория ускуналари базасини бирлаштирувчи ягона миллий рақамли илмий ахборот маконини яратиш ва унда сунъий интеллект ёрдамида илмий ўхшашликлар, мавзулар такрорланиши ҳамда манфаатлар тўқнашувини автоматик текшириш механизмини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, лойиҳаларни баҳолашда шаффофликни таъминлаш мақсадида экспертиза муддатини қатъий 90 кун этиб белгилаш, экспертларнинг динамик рейтингини жорий қилиш ва экспертни инсон омилисиз, ахборот тизими орқали автоматик бириктириш чоралари кўзда тутилмоқда. Янги қимматбаҳо жиҳозлар харидини тартибга солиш учун қиймати 10 миллиард сўмдан юқори ускуналарни мажбурий верификациядан ўтказиш, хариддан аввал республикада унинг аналоги мавжуд эмаслигини текшириш ва мавжуд лабораториялар базасида «жамоавий фойдаланиш марказлари» (core facility) тизимини йўлга қўйиш белгиланди. Ниҳоят, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига хусусий секторни кенг жалб қилиш учун имтиёзли кредитлар ҳамда рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш орқали тижоратлаштириш ва R&D харажатларини рақамли верификация қилиш ҳамда соҳадаги натижадорликни аниқ мақсадли кўрсаткичлар (KPI) асосида баҳолаб бориш таклиф қилинди.
Ҳисоб палатаси томонидан ишлаб чиқилган ушбу комплекс чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ этилиши илмий тадқиқотларни реал иқтисодиёт эҳтиёжларига йўналтириш, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига чек қўйиш ва мамлакатнинг инновацион тараққиётини жадаллаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
ЎзА