Илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш зарур
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикасида ирригация ва мелиорация объектлари ҳолатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
2026 йилнинг ўтган даврида ирригация ва мелиорация объектларида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун давлат бюджетидан 200,1 миллиард сўм маблағ ажратилгани қайд этилди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан 66 км канал ва 40 км коллектор-дренаж тармоқлари қурилган ҳамда реконструкция қилинган, шунингдек, 687 км тармоқларда таъмирлаш ишлари бажарилган.

Амалга оширилган ишлар натижасида 11,8 миллион куб метр сув йўқотилишининг олди олинган, 18,5 минг гектар ернинг сув таъминоти ҳамда 7,2 минг гектар ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланган.
Ҳудудда 260,7 минг гектар суғориладиган майдонларда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Улар жами майдоннинг 51 фоизини ташкил этади. 2026 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 58 фоизга етказиш режалаштирилган.

Сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш ва бошқарув тизимини модернизация қилиш доирасида 995 “Ақлли сув” ва 1,3 мингта “Дайвер” қурилмаси ўрнатилган. Шунингдек, 7 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилган.
Сенаторлар томонидан соҳада айрим муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, сув ҳисобини юритишни рақамлаштириш ҳамда олдинги йилларда ер майдонларида жорий этилган сув тежовчи технологиялар ҳолатини хатловдан ўтказиш ишлари якунланмаган. Суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича белгилаган вазифалар ижроси тўлақонли таъминланмаган.
Сенаторлар сув асосан тупроқ ўзанли каналларда йўқотилаётгани сабабли ушбу тармоқларни бетонлаштириш орқали йўқотишларининг олдини олиш ҳамда сув хўжалиги иншоотларини реал вақт режимида назорат қилиш ва автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказиш ишларини тўлиқ якунлаш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.
Мажлисда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш, сувни тежаш ва каналларни бетонлаштириш ишларини молиялаштириш мақсадида хорижий грант ва инвестиция маблағларини жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳадаги мутахассислар малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўриш муҳим экани айтиб ўтилди.
Муҳокама якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА