Илғор технологиялар сари яна бир қадам: “Ўзсувтаъминот” АЖ АҚШда муҳим келишувларга эришмоқда
Мамлакатимизда ичимлик суви ва оқова сув хизматлари сифатини ошириш, тармоқни замонавий технологиялар асосида ривожлантириш ҳамда халқаро тажрибани кенг жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда дунёнинг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор ечимларни мамлакатимизга жалб этиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Айни кунларда АҚШда хизмат сафарида бўлиб турган “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов қатор халқаро компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказмоқда. Учрашувларда тармоқни модернизация қилиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, “Aquatech” компаниясининг сиёсат масалалари бўйича катта таҳлилчиси Гарри Харкинс билан бўлиб ўтган учрашувда сувни қайта ишлатиш, денгиз ва шўр сувни чучуклаштириш, суюқ чиқиндиларни минимал ва ноль даражагача камайтириш (MLD/ZLD), шунингдек, сув таркибидан фойдали минералларни ажратиб олишга доир илғор технологиялар тақдим этилди.
Томонлар сув ресурслари чекланган ҳудудларни барқарор ичимлик суви билан таъминлаш, соҳа инфратузилмасини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг қўллаш ҳамда инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Aquatech” компанияси ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда амалга ошириладиган ичимлик ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш лойиҳаларида компания технологияларидан фойдаланиш имкониятларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Хизмат сафари доирасида Швейцариянинг “GWF AG” компанияси савдо бўлими раҳбари Крис Болд билан ўтказилган музокараларда ҳам тармоқни рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда сув, иссиқлик, газ ва электр қуввати сарфини ҳисобга олишга мўлжалланган замонавий ечимлар, жумладан, ультратовушли сув ҳисоблагичлари тақдим этилди. Ушбу технологиялар сув сарфини юқори аниқликда ҳисобга олиш, тармоқлардаги йўқотишларни ўз вақтида аниқлаш ва тижорат йўқотишларини камайтириш имконини бериши таъкидланди.
Мулоқот чоғида ичимлик ва оқова сув ҳисобини рақамлаштириш, замонавий маълумот узатиш технологияларини жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Аҳмад Сувонқулов Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги айрим оқова сув коллекторларида “GWF AG” компаниясининг ультратовушли ҳисоблагичларини синов тариқасида жорий этиш таклифини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ҳамда пилот лойиҳани биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

АҚШда давом этаётган мазкур учрашувлар “Ўзсувтаъминот” АЖнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, тармоққа илғор технологиялар ва сармояларни жалб этиш, аҳолига кўрсатилаётган ичимлик суви ва оқова сув хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА