Икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари
Оролбўйи халқаро инновация марказига чўлланишга қарши курашиш бўйича “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик маркази (China-Central Asia Cooperation Center for Combating Desertification) делегацияси ташриф буюрди.
Ташриф давомида делегация вакиллари марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, илмий-тадқиқот платформаси, амалга оширилаётган халқаро ва минтақавий лойиҳалар, шунингдек, илмий базани шакллантириш ва тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш жараёни билан танишди. Жумладан, лабораториялар, намойиш майдонлари, ер деградациясига қарши курашиш, экотизимларни тиклаш ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантиришга қаратилган жорий лойиҳалар ва замонавий техник ечимлар тақдим этилди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, чўлланишга қарши курашиш, ўрмон мелиорацияси ва экологик барқарорлик соҳаларида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шериклик алоқаларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун замин яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун, Чўлланишга қарши курашиш бўйича “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик маркази Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида чўлланишга қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим халқаро платформадир. Марказ фаолияти халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-техник алмашинувларни ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш, таълим ва тадқиқот базаларини яратиш, шунингдек, эксперт-таҳлилий ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.