Икки қардош халқнинг севимли ижодкори
Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Ибройим Юсупов ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Шоир ва ёзувчиларнинг асарлари эл дардини, руҳиятини ифодаласа, албатта, унинг қалбидан жой олади. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов икки қардош халқнинг севимли ижодкори сифатида қадрланиши ҳам бежиз эмас. Мазкур номнинг ўзиёқ ўзбек китобхонларига ижтимоий-бадиий қиммати бебаҳо, руҳияти Устюрт кенгликларидек бепоён, оҳанги қўбиз ва дўмбира нолаларидек дилрабо шеърлар, достонларни эслатади. Шоир ўз куч-қуввати, истеъдоди, бутун ҳаёти ва ижодини эл-юрт хизматига бағишлаган. Шунинг учун нафақат қорақалпоқ халқи, балки ўзбек халқи ҳам Ибройим Юсупов асарларини жону дили билан севиб ўқийди.


Фарғонада бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир шоир хотираси ва меросига бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди. Филология факультетида ташкил этилган анжуманда Қорақалпоғистондан келган меҳмонлар, шоир ва ёзувчилар, олимлар ҳамда талабалар иштирок этди.
– Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари азалдан қон-қардош, қуда-анда бўлиб келган. Бу меҳр ришталарини мустаҳкамлаш, икки тилда ижод қилиш, халқимиз маънавияти ва адабиётига сезиларли ҳисса қўшишда Ибройим Юсуповнинг хизматлари катта бўлган, – дейди университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори П.Отақулов. – Эзгу анъанани давом эттириш мақсадида олийгоҳимизда адиб ижодига бағишлаб алоҳида хона ташкил этилди. Унинг асарлари кўргазмаси йўлга қўйилди.


Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор Сиддиқжон Мўминовлар ҳам серқирра ижодкор фаолиятига доир қизиқарли маълумотларни сўзлаб берди. Қорақалпоғистондан келган меҳмонлар ҳамда конференция қатнашчиларига омадлар тилашди.
Тадбир доирасида “Кўнгилдаги кенг дунё” номли адабий-бадиий кеча ташкил этилиб, Ибройим Юсупов асарлари асосида яратилган спектакль намойиш этилди. Адиб ижодига оид мушоира, ўзбек ва қорақалпоқ тилларида жаранглаган қўшиқ ва шеърлар, ижро этилган рақслар кечага файз бағишлади. Адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган “Заковат” интеллектуал ўйини эса билимдон талабаларда катта таассурот қолдирди.
Халқаро илмий-амалий конференцияда бир қатор олимлар ва тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этди. Янгича илмий қарашлар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди, баҳс-мунозаралар давом этди.



М.Сулаймонов, ЎзА