Икки мўъжиза – икки олам
Кейинги йилларда юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди ва бу ишлар янада кенг қамров билан давом этмоқда. Ана шу тарихий янгиланишлар ичида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё жамоатчилиги эътироф этаётган икки муҳташам мажмуа алоҳида ўрин тутади.
Икки улкан мажмунинг бири Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Хартанг қишлоғида жойлашган Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасидир. Буюк ислом олими Имом ал-Бухорий хотирасига бағишланган ушбу мажмуа нафақат Ўзбекистон тарихида, балки бутун мусулмон оламида алоҳида эътиборга молик маскан ҳисобланади. Зеро, у зот Ислом динида Қуръондан кейинги иккинчи мўътабар манба сифатида эътироф этилган ҳадислар тўплами “Саҳиҳул Бухорий” асарининг муаллифидир. Шу боис бу қадамжога ташриф буюрган инсон қалбида ўзгача эҳтиром ва руҳий покланиш туйғуси уйғонади.
Иккинчи муаззам мажмуа эса, Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бўлиб, у Ўзбекистоннинг маънавий тарихида янги босқични бошлаб берувчи, илгари бўлмаган улкан ва инновацион лойиҳа сифатида эътироф этилмоқда.

Қорасарой кўчасида замонавий технологиялар ва ўрта аср Самарқанд ва Ҳирот меъморчилиги уйғунлигида барпо этилган марказ майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади. Марказ қурилишига юзлаб маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар, экспертлар ҳамда жамоат арбоблари жалб қилингани ҳам унинг нақадар улкан аҳамиятга эга эканидан далолат беради.
Марказ қадимий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган бўлиб, унга тўрт томондан – тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Ушбу порталлар ва бинонинг ташқи равоқлари илм-маърифат, бағрикенглик, инсонийлик ва ота-онага ҳурмат мазмунидаги Қуръон оятлари ҳамда ҳадислар билан безатилган.
Бу ерга ташриф буюрган киши мажмуани шунчаки айланиб чиқолмайди. Бу масканда қалбни ларзага солувчи, инсонни ўйга толдирадиган ўзгача муҳит ва руҳ мужассам. Ҳар қадамда маърифат нафаси, тарих нафаси, миллат ифтихори сезилиб туради.

Мажмуа доимо зиёратчилар ва сайёҳлар билан гавжум. Бу ерда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган кексаю ёшлар билан бирга хорижий меҳмонларни ҳам кўплаб учратиш мумкин.
Биринчи қаватдан қарийб 8 минг 350 квадрат метрлик кўргазма залига эга музей ва 550 ўринли анжуманлар зали ўрин олган. Иккинчи қаватда эса қўлёзма ва тошбосма манбалар, босма ва электрон адабиётлар фондига эга кутубхона, ўқув заллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар учун шароит яратилган.
Гумбаз остида ташкил этилган махсус мэппинг-голограмма эса ташриф буюрувчиларни янада ҳайратга солади. Аввал, коинот манзараси намоён бўлади, сўнг осмонда юлдузлар жило тарата бошлайди. Бу юлдузлар композицияси Тошкент осмонида тунда кўринадиган юлдузлар харитаси асосида яратилган. Уларни акс эттириш учун 90 дона “Swarovski” тоши ва 650 дан ортиқ чироқлардан фойдаланилган.

– Ёшим саксон бешда. Бу ёшга киргунча бошимдан нималар ўтмади. Йўқчиликни ҳам кўрдик. Машаққатли меҳнатни ҳам қилдик. Вақти келиб юртимизнинг довруғи дунёни лол қолдириши тушимизга ҳам кирмаган эди. Бу ернинг ҳар қаричидан нур таралиб турибди. Бу биринчи навбатда тинчликнинг шарофатдан. Фарзандларим билан зиёрат қилдим. Бунақанги улкан бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратдаман. Бу жойда шунчаки юриб бўлмайди. Бу ердаги ҳар бир нигоҳ юракларни тўлқинлантириб юборади. Бу жойнинг ҳар бир қаричидан нур таралмоқда. Бу тинчлик нури, шукроналик нури, ўзбек халқига бўлган эҳтиром нури. Бу ҳақиқатдан ҳам юртбошимиз айтганидек, узоқ йиллик умидлар, армонлар ушалгани ҳақиқат бўлсин. Юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу ишлар давомли бўлсин. Президентимизга ана шундай зиёратгоҳларни қуриб бераётганлари учун катта раҳмат, – дейди Занги ота туманида истиқомат қилувчи Замира ая Мирраҳимова.
Бу ерда Усмон Мусҳафи билан бир қаторда юртимизга тегишли бўлган, турли сулолалар даврида яратилган 114 та нодир Қуръон қўлёзмаси жамланган. Улар орасида сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, темурийлар, шайбонийлар ва бошқа даврларга мансуб ноёб нусхалар бор.
Бу ердаги кутубхона фонди 45 минг 150 тадан зиёд адабиётни қамраб олган ва шундан 2 минг 609 таси нодир нашрлар. Бундан ташқари, кутубхонада 350 мингта электрон адабиёт мавжуд бўлиб, 310 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Ушбу мажмуани зиёрат қилиб юраркансиз, беихтиёр соҳибқирон Амир Темурнинг: “Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг”, деган ҳикматли сўзлари ёдга тушади.
Бугунги Янги Ўзбекистонда бунёд этилаётган ана шундай муҳташам иншоотлар ҳар бир юрт фарзанди қалбида ғурур, ифтихор ва шукроналик туйғуларини уйғотиши шубҳасиз.
Асрор Сулаймонов, ЎзА.