ИИВ тизимида жорий йил ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш йили бўлади
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши учун шароит яратишга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асоси шу мақсадда қабул қилинди.
Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижасида 2025 йилда Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 419 маҳаллани қамраб олган 84 “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” фаолияти йўлга қўйилди.

Илк бор республикадан тортиб маҳаллагача бўлган барча даражаларда “йўл харита”лари ҳамда асосий мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилди. Сўнгги беш йилда криминоген вазияти мураккаб бўлиб қолаётган маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар концепцияси тасдиқланиб ижрога қаратилди. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Хавфсиз шаҳар” тизимининг ягона аппарат-дастурий платформаси ишга туширилди.
Ички ишлар вазирлигида ўтказилган йиғилишда шу ҳақда гап борди. Маҳаллалар хавфсизлиги, жиноятчилик профилактикаси, ёшлар билан ишлаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиздаги 4 минг 34 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Бу эса умумий маҳаллаларнинг 44,8 фоизи “яшил” тоифада сақланиб қолинганини билдиради.
2026 йил Ўзбекистонда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилинганини инобатга олган ҳолда, юқорида эришилган ижобий ишларни давом эттириш мақсадида вазирлик соҳавий хизмат раҳбарлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳамда манзилли режалар белгилаб олинди.
Ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган оғир тоифадаги ёшлар билан олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, мазкур тоифага кирувчи ёшлар билан манзилли ва индивидуал ишлаш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, бандлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари ва тегишли идоралар ҳамкорликда ҳар бир ёшнинг ижтимоий-руҳий ҳолати ўрганилиб, улар учун алоҳида “ижтимоий йўл харита”лари ишлаб чиқилган. Шунингдек, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш, спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга жалб этиш орқали салбий муҳит таъсиридан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муҳокамалар жараёнида айрим ҳудудларда олиб борилаётган ишлар етарли даражада самара бермаётгани танқид қилинди. Шу муносабат билан масъул раҳбарларга оғир тоифадаги ёшлар билан ишлашда шахсий жавобгарликни кучайтириш, назорат механизмларини янада такомиллаштириш ҳамда натижадорликка қаратилган аниқ вазифалар юклатилди.
Ахборот технологиялари соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар, жорий йилнинг ўтган ўн кунлигида қайд этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар таҳлил қилинди.
Рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашуви билан бир қаторда кибержиноятчилик ҳолатлари ҳам ортиб бораётгани кузатилаётгани қайд этилди. Интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ноқонуний эгаллаш, электрон тўлов тизимларига тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Шу боисдан, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича замонавий таҳлил усулларини жорий этиш вазифаси белгиланди.
Оғир ва ўта оғир жиноятларнинг ҳар бири юзасидан сабаб ва шарт-шароитлар чуқур ўрганилиб, масъул тузилмаларга жиноятлар содир этилишига олиб келаётган омилларни бартараф этиш, профилактик тадбирларни кучайтириш вазифаси юклатилди.
Ички ишлар вазирлигида 2026 йил “Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни жадаллаштириш йили” сифатида қабул қилиб, тизимли ишларни давом эттириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА