II “Tashkent International Half Marathon” мусобақаси якунланди
Пойтахтда 24 мингдан зиёд иштирокчи қатнашган II Халқаро Тошкент ярим марафони ўз якунига етди. Ушбу йирик спорт тадбиридаги шиддатли курашлар ғолибларни аниқлади.
Пойтахтимизда II “Tashkent International Half Marathon” халқаро ярим марафони бўлиб ўтди. Мусобақа 5 километрлик оммавий югуриш ҳамда 21,0975 километрлик ярим марафон масофаларида ташкил этилиб, унда 24 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди.
Мусобақа якунига кўра, 5 километрлик масофада эркаклар ўртасида Элдор Ботиров биринчи ўринни эгаллади. Руслан Хаджиев иккинчи, Беҳруз Шавкатов учинчи ўриндан жой олди. Аёллар ўртасида Алина Ҳакимова ғолиб бўлди. Мафтуна Аҳмедова иккинчи, Камола Аблаева учинчи натижани қайд этди.
21,0975 километрлик ярим марафон масофасида эркаклар ўртасида Андрей Петров маррага биринчи бўлиб етиб келди. Ҳасан Мирсоатов иккинчи, Бахтиёр Ўткиров учинчи ўринни эгаллади. Аёллар ўртасида Маржона Аҳмадалиева ғолибликни қўлга киритди. Садафбону Нусратуллоева иккинчи, Арофатхон Имомалиева учинчи ўриндан жой олди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари билан ҳам тақдирланди. Хусусан, ярим марафон масофасида биринчи ўрин соҳибларига 15 миллион сўм, иккинчи ўрин эгаларига 12 миллион сўм, учинчи ўрин соҳибларига 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилди.
5 километрлик масофада эса ғолибларга 3 миллион сўм, иккинчи ўрин соҳибларига 2 миллион сўм, учинчи ўрин эгаларига 1 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.
[gallery-31267]
Жавоҳир Тошхўжаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА