Ички ишлар органларида коррупция ва хизмат интизомини бузиш ҳолатларига чек қўйилади
Ички ишлар органларида қонунийликни таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва кадрлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган танқидий йиғилиш ўтказилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов бошқарган тадбирда вазирликнинг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ҳамда Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси масъул ходимлари иштирок этди.

Тизимда кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, коррупция ва хизмат интизомини бузиш ҳолатларининг олдини олиш, бу йўналишда мавжуд камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Масъулларнинг ахборотлари тингланди. Шахсий таркибнинг хизмат бурчига зид ҳаракатлар, коррупция ва қонунбузарлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши лозимлиги ҳамда бу йўналишда ҳар бир раҳбар ходимнинг шахсий жавобгарлигини чуқур ҳис қилиши шартлиги таъкидланди.

Тадбир якунида кўрилган масалалар юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қатъий назорат ўрнатилиши белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА