Ибратли оилалар рағбатлантирилди
15 май – Халқаро оила куни
Андижон давлат университетида сана муносабати билан “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги доирасида “Соғлом ва мустаҳкам оила – жамият кўрки” номли байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, мутахассислари, бошқарма ҳузуридаги “Оқила аёл” ҳаракати аъзолари, меҳнат фахрийлари, маҳаллаларда иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, отинойилар, ҳамкор ташкилотлар, ибратли оилалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш, оиланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш, оилавий қадриятларни улуғлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 25-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича аниқ вазифалар ўз ифодасини топган.
Мамлакатимизда жорий этилган “Аёллар дафтари” лойиҳаси доирасида биргина Андижон вилоятининг ўзидан кейинги йилларда 100 минг нафардан зиёд аёлга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
– Бугунги кунда вилоятимиздаги 900 дан ортиқ маҳаллада 750 мингдан зиёд оила мавжуд, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова. – Шу маънода ўтказилаётган тадбирларнинг асосий мақсади ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, намунали оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлаштиришга қаратилган.
Дастлаб тадбирда иштирокчиларга соғлом оилавий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси, айниқса, ёш қизларни камолга етказиш, оилани мустаҳкамлаш, оиланинг нечоғлик муқаддас даргоҳ эканлиги, унинг инсон ҳаёти, давлат ва жамият ривожидаги роли, оилани асраб-авайлаш ғоялари тарғиб этилган видеоролик намойиш этилди.
Дарҳақиқат, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, ёш авлодни муносиб инсонлар бўлиб вояга етишига бевосита таъсир кўрсатадиган, ҳар бир инсон учун энг муқаддас маскандир.
Шундан сўнг ўзининг аҳиллиги, меҳр-оқибати, оилани бошқариш, фарзанд тарбиясидаги ибратли ёндашувлари ҳамда жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган бир гуруҳ намунали оила вакилларига “Ибратли оила” кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Жорий йилда Андижон вилоятидан 134 та оила ана шу мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, тадбирда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди.
[gallery-29434]
– Очиғи, танловнинг вилоят босқичида ғолиб бўлишни кутмаган эдик, – дейди танлов ғолиби Избоскан туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи Дилдорахон Тўхтаназарова. – Ўзим педагогман, турмуш ўртоғим туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходими. Фарзандлар тарбияси, уй юмушларидан ортиб, касбий фаолиятда ҳам самарали иш олиб бориш, албатта, осон эмас. Эришаётган ютуқларимизни оиламиздаги тинчлик-хотиржамликдан, оиламиз катталарининг дуоларидан деб биламан. Келгусида бутун оиламиз билан “Ибратли оила” танлови ғолиби деган номга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.
Байрам тадбири давомида санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.