ХВЖ Яқин шарқдаги можаро шароитида глобал иқтисодий прогнозни пасайтирди
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) 2026 йил учун тақдим этилган глобал иқтисодий ўсиш прогнозини қайта кўриб чиқиб, Яқин Шарқда узоқ давом этиши эҳтимоли мавжуд можаро ва энергия нархи янада ошиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
ХВЖ Жаҳон иқтисодиёти истиқболи ҳисоботи орқали минтақада ҳарбий можаро бошлангандан бери иқтисодий вазият ёмонлашганига урғу берган. Зиддият янада авж олса, “мисли кўрилмаган энергия инқирози” хавфи юзага келиши мумкин.
CNN телеканали хабарида айтилишича, янгиланган ҳисоботга кўра, 2026 йил глобал ўсиш январь ойидаги тахминдан 0,2 фоиз кам – 3,1 фоизни ташкил қилади. Глобал инфляция бу йил 4,4 фоизга етиши мумкин.
Нефть ва газ нархи кескин кўтарилиб, узоқ вақт юқори даражада сақланиб қолиши эҳтимоли ҳам бор. Бундай муқобил сценарийда глобал иқтисодий ўсиш 2 фоизгача пасайиши кутилади. ХВЖ мазкур даража глобал рецессияга яқинлигини таъкидламоқда. Жамғарма маълумотида глобал иқтисодиёт айни даражага тушиши 1980 йилдан буён атиги бир неча марта кузатилгани ҳам қайд этилган.
С.Раҳимов, ЎзА