Ҳунарли ёш – ишончли келажак
Наманган вилояти Норин туманидаги 41-умумтаълим мактабида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда меҳнатсеварлик ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга бағишланган тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси И. Нажмиддинов, туман ҳокими Ж. Нурматов, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида ўқувчиларни ўз қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ҳамда келгусида мустақил меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун зарур кўникмаларни шакллантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, пазандачилик, рассомчилик, тикувчилик ва дизайн, дурадгорлик ҳамда темирчилик каби ҳунарларни эгаллашнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
Нуронийлар ёшлар билан мулоқотда ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, касб-ҳунар ўрганиш, вақтдан унумли фойдаланиш, меҳнатсеварлик ва интилиш инсон камолотида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
[gallery-32214]
Мазкур тадбир ёшларнинг касб-ҳунарга қизиқишини ошириш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳамда устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА