Бирор хорижий мамлакатга саёҳат қилишни хоҳласак, сайёҳлик ташкилотлари хизматларига мурожаат қиламиз. Ёхуд бугун энг кўп зарур бўладиган йўналишлардан бири — ахборот-коммуникация хизматларидан кўп фойдаланамиз. Умумий овқатланиш жойлари, магистраль йўллар бўйидаги дўкон, тадбиркорлик шохобчалари, банкомат, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари кабиларга ҳам мунтазам эҳтиёжимиз бор. Яъни, хизматлар соҳаси кундалик ҳаётимиздан алоҳида ўрин эгаллаб бормоқда.
Қолаверса, бугунги кунда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг тез ривожланувчи тармоқларидан бирига айланиб, Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг муҳим йўналиши сифатида намоён бўлмоқда. Ҳаётимиз давомида кўриш мумкинки, хизматларнинг хилма-хил янги турлари кенгайиб, жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Масалан, хизматлар бозорида салмоқли ўринни эгаллаб бораётган банк-молия, туризм, суғурта, ахборот-коммуникация хизматлари ва бошқалар жадал ривожланмоқда. Энг муҳими, хизматлар соҳаси равнақи ҳисобига янги иш ўринлари барпо этилмоқда, аҳоли даромадлари ортиб бораётир, ҳудудлар қиёфаси ўзгариб, иқтисодиёти мустаҳкамланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, хизматлар соҳаси аҳолининг барча қатламларини қамраб олади ва жамиятда содир бўлаётган деярли барча ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсир кўрсатади. Шу боис мамлакатимизда аҳоли бандлигини, даромадларини ва турмуш сифатини оширишнинг муҳим йўналишлари ва омилларидан бири сифатида хизматлар соҳаси ва сервисни жадал ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, 2023 йилнинг тўққиз ойида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 5,8 фоизни ташкил этгани ҳолда хизматлар соҳаси 6,5 фоизга ўсди. Яъни, хизматлар соҳаси ЯИМнинг ўсишига нисбатан юқорироқ бўлган.
Таъкидлаш лозимки, келгусида ҳам ҳудудларда хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш борасида муайян чора-тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам бу борада аниқ мақсад-вазифалар белгиланган. Хусусан, ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 бараварга ошириш, ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган туманларда замонавий бозор хизматлари, IT, таълим, тиббиёт, юридик, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантириш вазифалари ўз аксини топган.
Шунингдек, шаҳарсозлик лойиҳалари асосида зарурий инфратузилмаси мавжуд ва аҳоли гавжум бўлган кўчаларнинг 233 мингта бўш ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш орқали савдо, маиший, сайилгоҳ ва кўнгилочар хизматларини ривожлантириш, ўрта ва йирик шаҳар марказларида хизмат кўрсатишга ихтисослашган марказий кўчаларни ташкил этиш орқали 36 мингта савдо ва сервис объектларини ташкил этиш масалалари белгиланган.
Бундан ташқари, “Янги Ўзбекистон” массивларида ва халқаро автомобиль йўллари бўйида 6 мингта савдо ва сервис объектларини қуриш, етакчи лойиҳа ташкилотларини жалб қилиб, бозорларни замонавий, қулай барча хавфсизлик талабларига жавоб берадиган савдо комплексларига айлантириш мақсад-вазифалари ифодаланган.
Стратегияда белгиланган бу борадаги вазифаларнинг амалга оширилиши жойларда хизматлар соҳасининг жадал ривожланишига, янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли даромадлари кўпайишига замин бўлади. Биргина минглаб савдо ва сервис объектлари ташкил этилиши қанчадан-қанча оилаларнинг моддий даромад топиши учун қулайлик яратади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсадлар, устувор вазифалар иқтисодиётимизнинг ўсишига катта ҳисса қўшади, тараққиётимизни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА