Ҳудудий комиссия фаолияти муҳокама қилинди
Сирдарё вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши кураш, профилактика тадбирлари ҳамда ҳудудий комиссиялар фаолиятини янада самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда асосий эътибор формал ҳисоботлардан эмас, аниқ амалий натижа ва самарали ҳамкорликка қаратилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ишчи гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этишди.
Муҳокама жараёнида ҳудудий ва туман комиссиялари фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва самарадорлигини ошириш, профилактика тадбирларини аниқ режа асосида ташкил этиш ва ижросини доимий назорат қилиш, таълим ва тиббиёт муассасаларида тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳар бир ҳудудда вазиятга мос амалий ёндашув устувор вазифа ҳисобланади. Фақат ҳисобот учун ҳисобот эмас, ҳақиқий ўзгариш ва ижобий натижа бериш муҳимдир.


Якунда барча масъулларга аниқ топшириқлар берилди ва ижро интизоми қатъий назоратга олинадиган бўлди. Шу билан бирга, ишчи гуруҳ ва маҳаллий ҳокимликлар профилактика ва тарғибот тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги режаларни ишлаб чиқди. Бу чора-тадбирлар ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш ва вилоятда ҳуқуқбузарлик ҳолатларини камайтиришда қўл келади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири