Хўжаилғорда миллий от спорти мусобақалари ўтказилди
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Хўжаилғор қишлоғида Миллий гвардия ташаббуси билан соҳибқирон Амир Темур хотирасига бағишланган миллий от спорти мусобақалари ташкил этилди.
Унда жамоавий улоқ-кўпкари, оломон улов от спорти, от устида кураш, полвонлар беллашувлари ва чавандозларнинг маҳорат намойишлари мухлисларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Шунингдек, Миллий гвардия кавалерия эскадрони ҳарбий хизматчилари жигитовка элементларини намойиш этди. Чавандозларнинг маҳорати, отларнинг чаққонлиги ва жамоавий улоқ-кўпкари баҳслари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Миллий гвардиянинг ашула ва рақс ансамбли хонандалари ижросидаги концерт дастури эса тадбирга янада файз бағишлади.

Мусобақаларга маҳалла ёшлари ва аҳоли вакилларидан мингга яқин киши ташриф буюриб, миллий спорт мусобақаларини томоша қилди ва маданий ҳордиқ чиқарди.
Тадбир доирасида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни спортга кенг жалб этиш ва гиёҳвандликка қарши курашиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Соҳа мутахассислари гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ва унинг олдини олишда спортнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, ёшларга тегишли тарғибот материалларини тарқатди.

Бундай тадбирлар миллий от спорти анъаналарини асраб-авайлаш, ёшларда миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири