“Хўжаикон” туз кони ҳудудида “Саломатлик туризми” шаҳарчаси қад ростламоқда
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги “Хўжаикон” туз кони ҳудудида Эроннинг “Kapa yurt salt taun” масъулияти чекланган жамияти Германиянинг “Bizayla” компанияси ҳамкорлигида қиймати 50 миллион долларга тенг “Саломатлик туризми” шаҳарчасини бунёд этмоқда.
Кўҳитанг тоғ тизмаси қўйнида денгиз сатҳидан 1 минг 200 метр баландликда “Хўжаикон” туз ғори бор. Бу ерда 35 йилча аввал барпо этилган узунлиги 200 метрли ғор деворлари 1-3 сантиметргача туз қатлами билан қопланган. Табиатнинг мўъжизакор шифобахш масканида ёзнинг чилласида ҳам ҳаво ҳарорати мўътадил илиқ бўлади. Табиий тузлардан ҳосил бўлган нафис санъат галереясини эслатадиган ноёб ғорнинг ички узун йўлакчасида туз эритмали шифобахш сув сизиб туради. Хоналарнинг ҳарорати, намлиги, босими ва микроиқлими бир-биридан фарқ қилиб, турли касалликларга малҳам бўлади.

Мутахассислар ғордаги муҳит юқори нафас олиш аъзолари, жумладан, юрак қон томир тизими касалликларининг 1-2 босқичлари ва эндокрин тизими касалликларига шифо бўлишини аниқлаган. Зоб-бўқоқ касалликларидан азият чекадиган инсонларга ёрдам бериб, қон босимини меъёрлаштиради. Бронхит, астма, ёш болаларда сурункали ларингит, катта ва кичик ёшдаги ринит, полиноз, зотилжам, пневмония, ўпканинг шамоллаши, асаб системаси касалликларини самарали даволайди. Шўр суви стоматит, полиноз, аллергик дерматит, пародонтоз, тери кассаликларидан фориғ бўлишга кўмаклашади.
– Янги лойиҳа 2025-2035 йилларда босқичма-босқич амалга оширилади, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари – туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. – Бу янгилик ҳудуднинг табиат инъом этган имкониятларини замонавий туризм ва иқтисодиёт ривожига йўналтиради. Нафақат мамлакатимиз, балки хориждан ҳам келувчи сайёҳлар сонини тубдан оширади.

Тоғлар қўйнидаги ҳудудда бир йўла беш юз сайёҳга мўлжалланган меҳмонхона ва капсула уйлар қад ростлайди. Тузли бассейнлар, туз ванналари, соғломлаштириш марказлари қурилади. Амфитеатр, ҳунармандчилик маркази, туз музейи ташкил этилади. Сунъий туз кўли ва яшил майдонлар яратилади. Ҳудудда электр энергияси, газ, интернет, мобил алоқа сифати янада оширилиб, темир йўл инфратузилмасига боғланади. “Тохиршоҳ ота” мақбараси ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун қулай шароит яратилади.
Маълумотларга кўра, ҳозиргача сармоядорлар сўлим гўшада 20 дан ортиқ капсула уй барпо этди. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, йилига ўртача 200 минг маҳаллий ва хорижлик турист келиши, 250 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, туз кони жойлашган Чорбоғ маҳалласи “Туризм қишлоғи” мақомини олишга пухта ҳозирлик кўраётир. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, маҳалла воҳадаги энг гавжум тиббий, эко ва зиёрат туризми масканига айланади.

Тоғ тизмаси этакларининг жануби-шарқий ён бағрида 83 йил илгари ишга туширилган кон йирик туз захирасига эга. У ётиқ синклиналь бурмада, оқ тузлар юқори, қизил тузлар пастда жойлашган. Хорижлик инвесторлар бу ерда замонавий технологиялар асосида туз қазиб олиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиясини ҳам ташкил этиб, “ЎЗСАЛТ” бренди билан сифатли истеъмол тузи ишлаб чиқариш ва бир қисмини экспорт қилишни режалаштирмоқда. Табиий туз бўлакларидан турли сувенирлар ясаш йўлга қўйилади.

Истиқболли лойиҳа бу ернинг иқтисодий имкониятлари ва шифобахш хусусиятларидан замонавий ёндашувлар асосида самарали фойдаланиб, ҳудудни ҳам иқтисодий, ҳам туристик юксалтиришга, юртимизнинг бой сайёҳлик салоҳиятини дунёга янада кенг намоён этишга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири