Ховосда янги 20 миллион долларлик лойиҳа
Ховос туманида инвестициявий жозибадорликни ошириш, саноат салоҳиятини кенгайтириш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Ховос тумани ҳокими Қомус Юлдашев Хитой Халқ Республикасининг “Huaxi Building Materials Chengdu Co., Ltd” ҳамда “Hangzhou Lian Innovative Materials Technology Co., Ltd.” компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Дастлаб инвесторлар тумандаги мавжуд инфратузилма, ишлаб чиқариш салоҳияти, логистика имкониятлари ҳамда инвестиция киритиш учун яратилган қулай муҳит билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган истиқболли лойиҳалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Музокаралар давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар. Ушбу лойиҳа туман саноат тармоғини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллий бозорни сифатли ва рақобатбардош қурилиш материаллари билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Энг муҳими, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳудудга 20 миллион АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестиция жалб этилиши ҳамда 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва туман иқтисодиёти барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Учрашув сўнгида туман ҳокими Қ. Юлдашев бундай йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши Ховос туманида саноат кооперациясини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири