ХХ аср бошларида бутун Туркистонда янги кучга кира бошлаган жадидчилик ҳаракати ўлканинг барча соҳадаги ишларининг келажагини белгилаб берди. Ушбу ислоҳотчилик, яъни жадидчилик номи билан тарихга кирган кенг қамровли ҳаракат жамиятнинг барча соҳаларини тенг қамраб олди. Ўша даврнинг кўзга ташланган ислоҳотчи шахсларидан бири Абдурауф Фитрат эди.
Абдурауф Фитрат шубҳасиз ХХ аср биринчи чораги Марказий Осиё зиёлиларининг энг кўзга кўринган ва таъсир доираси кучли бўлган вакилларидан бири ҳисобланади. У сиёсий арбоб, ёзувчи, шоир, журналист ва Туркистон жадидчилигининг ғоявий етакчиларидан бири сифатида танилган.

Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси томонидан аввалроқ намойиш этилган жадид маърифатпарварлари хотирасига бағишланган “Дуторнинг туғилиши” (Aбдулҳамид Чўлпон) ва “Самарқанддан мактуб” (Маҳмудхўжа Беҳбудий) каби тематик кўргазмалар Фитрат ижодига аталган "Хотира сўқмоқлари" деб номланган тарихий-маърифий лойиҳанинг ягона кўргазма туркумидан жой эгаллади.
Кўргазма 1922 йилдаги сурат асосида яъни, вайронага айланган вазир Фитрат идораси атрофида қурилган бўлиб, ноанъанавий бу тақдимот томошабинларда катта таассурот қолдирди. Тадбирда йирик санъат намояндалари, адабиётшунос олимлар, зиёлилар иштирок этди. Жадид адабиётида салмоқли ўринга эга бўлган Абдурауф Фитратнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Тадқиқотчиларнинг фикрича, Aбдурауф Фитрат жадидчиликнинг энг муҳим мафкурачиси ва Ўзбекистон маданий концепциясининг муаллифларидан бири эди. Қолаверса, Фитрат Ғарб ва Шарқ маданиятини пухта ўрганган. Бу унинг яшаш тарзида, мақсад ва маслагида ўз ифодасини топган. У чинакам ватанпарвар шахс бўлган, – дейди Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори Камола Акилова.

– Галереямизда ҳар доим тарихимиз, адабиётимиз, санъатимиз ва маданиятимиз ривожига муносиб хизмат қилган аждодларимиз ҳаёти ҳамда ижодига тўхталиб ўтамиз, – дейди Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси бош мутахассиси Саодат Рўзиева. – Сабаби бугунги ёшлар ўз тарихи, маданиятини яхши билиши зарур. Ана шунда маънавий дунёси янада юксалади.

Кўргазма Абдурауф Фитратнинг босиб ўтган машаққатли ҳаёт йўли ва шарафли умри ҳақида батафсил маълумот бергани, унутилмас таассурот уйғотгани билан муҳим бўлди.
– Бу сиймога бағишланган кўргазмани оммага тақдим этиш мураккаб масала бўлгани учун томошабинларга иммерсивлик эффектини ҳадя этмоқчи бўлдик, – дейди кўргазма куратори Мақсуд Асқаров. – Асосийси, бу сингари тадбирлар ташкилотчилар томонидан янгича руҳ ва ўзгача ташаббусда давом этиши кўзда тутилган.

“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати