Хотин-қизлар тадбиркорлиги янада ривожланади
Асака туманида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Андижон вилояти ҳудудий филиали, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамда Асака тумани оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда тадбиркор аёллар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ҳамда ижтимоий реестр ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида тадбиркорларни янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш бўйича қатор вазифалар белгиланган.


Мазкур фармон ижросини таъминлаш, қолаверса, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган семинар очилишида сўз олган Асака тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шахноза Сотволдиева ва бошқалар томонидан мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, хусусан, опа-сингилларимизнинг жамият ижтимоий-сиёсий жараёнларидаги фаоллигини ошириш, тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Семинарнинг асосий мақсади ижтимоий реестр ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни янада кучайтириш, – дейди Асака тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шахноза Сотволдиева. – Шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга кўмаклашишдир.

Семинарда ҳамкор ташкилотлар “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси”, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” акциядорлик жамиятлари вилоят ҳудудий бўлимлари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Асака туман кенгаши мутасадди ва мутахассислари томонидан иштирокчиларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнес-лойиҳа ишлаб чиқиш, кредит олиш, электрон аукционларда иштирок этиш тартиблари ҳамда бизнесни ривожлантиришнинг амалий ҳамда бошқа жиҳатлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Семинар давомида мутасадди ва мутахассислар иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари