Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояси – жамият равнақининг муҳим омили
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят Адлия бошқармаси ҳамда ИИБ ҳамкорлигида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояси – жамият равнақининг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда иштирокчиларга мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун ҳужжатлари, жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Ушбу қонунлар жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва оила институтини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева сўзга чиқиб, мазкур қонунлар, аввало, жамиятда аёлларнинг мавқеини oшириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишида фаол иштирoкини таъминлаш, oилани мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳар томонлама соғлом фарзандларни вояга етказишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

– Сўнгги йилларда ушбу соҳада муҳим янгиланишлар амалга оширилди, – деди Н.Тоғаева. – Хусусан, 2023 йилдан бошлаб оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди. Эндиликда бундай ҳолатлар оддий “оилавий масала” сифатида эмас, балки қонун билан жазоланадиган ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланмоқда. Шунингдек, зўравонликка учраган хотин-қизларга нисбатан ҳимоя чораларини кучайтириш, уларни ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сўнгги ўзгаришларга кўра, зўравонлик мавжуд бўлган ҳолатларда мажбурий яраштириш амалиёти бекор қилиниб, жабрланувчиларнинг манфаатлари устувор қўйилмоқда. Бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, зўравонликнинг олдини олиш – барчамизнинг муҳим вазифамиздир. Жойларда муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этиш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш бўйича тизимли ишларни кучайтиришимиз зарур. Биз ҳар бир хотин-қиз ўзини ҳимояланган, қадрланган ва жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис этадиган муҳитни яратишимиз шарт.

Тадбир давомида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг сабаблари ҳам муҳокама қилинди. Мутахассислар бунинг асосий омиллари сифатида оилада тарбия ва маънавиятга етарлича эътибор берилмаслиги, ишсизлик ва ижтимоий муаммоларни кўрсатиб ўтди. Шу нуқтаи назардан, профилактик чораларни кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Давра суҳбати иштирокчилари гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, меҳнат жамоаларида соғлом ижтимоий муҳит яратиш масалалари юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири