Хорижий тилларни ўрганишда энг яхши мактаблар аниқланди
Бугунги кунда хорижий тилларни мукаммал эгаллаш замоннинг асосий талабларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир неча йил аввал таъсис этилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ўғил-қизларни чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишини тобора ошириб, уларни ўз устида ишлашга ундамоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2022 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови таълим даргоҳларида ёшларга чет тилларини ўргатишнинг илғор ва самарали методикаларини оммалаштиришга хизмат қилмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мазкур республика танловининг якуний босқичи ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Тошкент вилоятининг сўлим Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс” оромгоҳида танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов танловнинг якуний босқичида иштирок этишнинг ўзи ўқувчиларга улкан мотивация ва рағбат бағишлаганини таъкидлади.
Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Майкл Хоулгейт ҳам ушбу танлов ёшлар учун ғоят катта имконият эканини қайд этди.

— Чет тилларини ўрганиш жуда мураккаб жараён. Бироқ хорижий тилларни билиш ёшлар учун чексиз имкониятларни очади. Шу маънода, “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг ўтказилиши — жуда хайрли ташаббус, — деди Майкл Хоулгейт.

Айтиш керакки, танловда иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари хорижий мутахассислар томонидан баҳоланди.
Танловнинг барча босқичларида 8 721 та мактаб иштирок этди. Уларда жами 43 605 нафар ўқувчи қамраб олинди.
Танловнинг якуний босқичида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 331-мактаб жамоаси биринчи ўринни, Навоий шаҳридаги 18-мактаб жамоаси иккинчи ўринни, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 5-мактаб жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Тил кўникмалари бўйича “The Best Writer” номинациясида Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 9-мактаб ўқувчиси Нилуфар Хўжамқулова, “The Best Speaker” номинациясида Фарғона шаҳридаги 2-мактаб ўқувчиси Фарзона Султонова, “The Best Reader” номинациясида Навоий шаҳридаги 18-мактаб ўқувчиси Темур Тошмуродов, “The Best Listener” номинациясида Бухоро туманидаги 1-мактаб ўқувчиси Вазира Рамазонова ғолиб бўлди.
Танловнинг олий соврини эса Навоий шаҳридаги 18-мактаб ўқувчиси Умиджон Бобоназаровга насиб этди.
— Танлов жуда ҳаяжонли кечди. Бундай ютуқни қўлга киритишда устозларимиз ва жонажон мактабимизнинг хизматлари беқиёс, — деди Умиджон Бобоназаров.
Танлов якунига кўра, биринчи ўринни эгаллаган мактаб жамоаси 500 миллион сўм, иккинчи ўрин соҳиблари 400 миллион сўм, учинчи ўринни қўлга киритган мактаб жамоаси эса 300 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

Танлов натижалари хорижий тилларни ўрганишга интилаётган ёшлар учун рағбат ва мотивация манбаи бўлиб, мактабларда чет тилларини ўқитиш сифатини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Назокат Усмонова, ЎзА