Хорижий ОАВ Самарқанддаги “C5+1” учрашувини қандай баҳолади?
Халқаро матбуот Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни, Марказий Осиёнинг иқтисодий салоҳияти ва АҚШ билан ҳамкорликнинг янги йўналишларига эътибор қаратмоқда.
Самарқанд шаҳрида 19 октябрь куни бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг “C5+1” форматидаги учрашуви халқаро оммавий ахборот воситалари эътибори марказида турибди. Хорижий нашрлар мулоқотни Вашингтоннинг минтақа билан сиёсий, иқтисодий ва стратегик алоқаларни кенгайтиришга интилиши, шунингдек, Марказий Осиёнинг халқаро савдо ва транспорт тизимидаги ўрни ортиб бориши нуқтаи назаридан ёритмоқда.
“Reuters”, “Associated Press” (АР) ва “Euronews” каби нуфузли халқаро медиа ташкилотлари учрашувнинг турли жиҳатларига эътибор қаратди. Уларнинг материалларида савдо ва инвестиция, муҳим минерал ресурслар, транспорт йўлаклари ҳамда минтақавий хавфсизлик масалалари асосий мавзулар сифатида намоён бўлди.
Марказий Осиёга эътибор кучаймоқда
“Reuters” ахборот агентлиги 19 октябр куни эълон қилган материалда АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи Вашингтоннинг Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида таҳлил қилинган.
Нашр минтақанинг табиий ресурслари, географик жойлашуви ва иқтисодий имкониятлари Қўшма Штатлар ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллаётганини қайд этиб, Америка бизнес доираларининг минтақага қизиқиши, хусусан муҳим минерал ресурслар ва янги савдо имкониятларига эътибор берган.
“Associated Press” ахборот агентлиги эса АҚШнинг Марказий Осиё билан савдо ва хавфсизлик алоқаларини ривожлантиришга интилаётганини таъкидлаган. Хабарда Марко Рубио минтақадаги беш давлат ташқи ишлар вазирлари билан “C5+1” форматида учрашгани, АҚШ делегацияси таркибида кўплаб Америка компаниялари вакиллари иштирок этгани айтилган. Шунингдек, материалда Марказий Осиё минтақаси Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо алоқаларда тарихан муҳим чорраҳа бўлиб келгани тилга олинган.
– Бугунги кунда ушбу географик имкониятдан транспорт, экспорт ва инвестиция ҳамкорлигини кенгайтиришда фойдаланиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда, – дейилган мақолада.
Транспорт йўлаклари ва минерал ресурслар диққат марказида
“Euronews” Самарқанддаги музокараларни иқтисодий ҳамкорлик ва халқаро транспорт алоқаларини ривожлантириш нуқтаи назаридан ёритди.
Нашр маълумотига кўра, томонлар Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва божхона тартиб-таомилини соддалаштириш масалаларида шерикликни чуқурлаштириш тарафдори эканини билдирган.
“Ўрта йўлак” деб ҳам аталадиган Транскаспий йўналиши Марказий Осиёни Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европа бозорлари билан боғлайди. Бу йўналишни ривожлантириш минтақа мамлакатларининг ташқи бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтиради. Шунингдек, нашр материалида муҳим минерал ресурсларни қазиб олиш билан чекланмасдан, қайта ишлаш ва қўшимча қиймат яратишга ҳам эътибор қаратилган.
– Бундай ёндашув Ўзбекистон учун ҳам долзарб: хом ашёни чуқур қайта ишлаш, саноат кооперацияси ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш иқтисодий ҳамкорликнинг амалий йўналишларидан бири бўлиши мумкин, – дейилади материалда.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликдаги ўрни
Хорижий нашрлар материалларида Самарқанднинг халқаро мулоқот майдони сифатидаги ўрни ҳам алоҳида кўзга ташланади. “C5+1” учрашуви айнан шу шаҳарда ўтказилиши юртимизнинг Марказий Осиё ва АҚШ мулоқотидаги фаоллигини намоён этади.
Ўлкамиз учун бундай форматнинг аҳамияти бир неча йўналишда кўринади. Биринчидан, мамлакат миллий манфаатларини минтақавий ҳамкорлик билан уйғунлаштириш имконига эга бўлади.
Иккинчидан, транспорт, энергетика, саноат ва технология соҳаларида янги шериклик алоқаларини ривожлантириш учун шароит яратилади.
Учинчидан, Марказий Осиё давлатларининг умумий масалаларни мувофиқлаштирилган ҳолда муҳокама қилиши минтақанинг халқаро майдондаги овозини кучайтиради.
Айни масалалар Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг анъанавий савдо алоқаларидан ташқари, юқори технологиялар ва узоқ муддатли иқтисодий шериклик йўналишларига қадар кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Мулоқотнинг амалий натижалари
Самарқанд учрашуви аҳамиятини фақат дипломатик тадбирлар ёки мавзуларнинг халқаро матбуотда ёритилиш кўлами билан ўлчаш етарли эмас. Анжуманнинг узоқ муддатли самараси, аввало, эришилган келишувлар бажарилиши, янги инвестиция лойиҳалари ишга тушиши, савдо ҳажми ошиши ва транспорт инфратузилмаси ўзгариши тарзида намоён бўлади.
“C5+1” формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги мулоқот учун умумий майдон яратади. Бундай механизм давлатларга ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилиш, иқтисодий алоқаларни мувофиқлаштириш ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш имконини беради.
Шу маънода, Самарқанддаги “C5+1” учрашуви Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий манфаатларни илгари суриш ва минтақанинг глобал алоқалардаги ўрнини мустаҳкамлаш масалаларини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Мирҳабиб Сайфуллаев,
ЎзА