Дунёда юз бераётган иқтисодий ўзгаришлар, йирик давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда юзага келаётган кескинлашув шароитида юртимизда барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш билан бирга хорижий инвестияларни фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги кунларда давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган бир қатор муҳокамалар, тақдимотлар билан танишув жараёнларида ҳам бу жиҳатлар устувор бўлди. Таъкидланганидек, бундай шароитда хориж бозорига халқаро стандартларга мос маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, ҳар бир инвестор билан яқиндан ишлаб, қулай сармоявий муҳит ва кафолат яратиш орқали мамлакат иқтисодиёти тараққиётига, қўшимча қийматга эришиш мумкин мумкин.
Самарқанд вилоятида ҳам бу борада давлат ва ҳудудий дастурлар асосида иш олиб борилиб, янги инвестиция лойиҳалари ишга туширилмоқда. Саноат тармоқларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш ҳамда юқори даромадли иш ўринлари яратиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларни вилоятнинг Пастдарғом тумани мисолида таҳлил қилиб кўрсак. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари асосида жорий йилда туманга 70 миллион АҚШ доллари миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. Ҳар бир инвестицион лойиҳа бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилиб, чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши таъминланмоқда.
– Йилнинг биринчи чорагида 14,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган бўлиб, амалда 7 та лойиҳа доирасида 15 миллион доллар миқдорида чет эл инвестиция ва кредитлари ўзлаштирилди, – дейди Пастдарғом тумани ҳокими Шерзод Раҳмонов. – Ушбу рақамларни ўтган йилнинг мос даври билан таққослайдиган бўлсак, 3 баробар ўсишга эришилганини кўришимиз мумкин. Ўзлаштирилган инвестицияларнинг 6,7 миллион доллари Хитой, 7 миллион доллари Туркия ва 1,3 миллион доллари Россия давлатлари инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларга тўғри келади.

Мисол учун, Чортут маҳалласида “Sun Kamalak medical” МЧЖнинг савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, замонавий болалар боғчаси ва мактаби ҳамда кўп қаватли уй- жойлар ташкил этиш лойиҳаси доирасида хитойлик инвесторлар 4 миллион АҚШ доллари миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритмоқда. Худдий шундай кейинги пайтда туманимизнинг асосий ишлаб чиқариш ҳудудларидан бирига айланаётган Камолот маҳалласида хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда “KENNO SPECIAL VEHICLES” қўшма корхонасининг монолит уйлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 1 миллион, “ZENDER PLUS” МЧЖнинг полиэтилен плёнка ва пакет ишлаб чиқариш лойиҳасида 1,1 миллион, “MGEC” МЧЖнинг кўмирни саралаш ва улгуржи савдо хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўйича 500 минг доллар миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Шу маҳаллада масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Menem beton” қўшма корхонасида туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган темир бетон ва бетон блоклари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш лойиҳасига 7 миллион АҚШ доллари миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция йўналтирилди.
Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида жорий йилда туманда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 135,6 миллион долларлик 96 та лойиҳа ишга туширилиб, 2400 га яқин янги иш ўрни яратилади. Йилнинг биринчи чорагида 15 та лойиҳа доирасида 1,6 миллион доллар хусусий инвестициялар ўзлаштирилиб, 79 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Мисол учун, Камолот маҳалласида “Sam absolut servis” МЧЖ томонидан 6,5 миллиард сўм маблағ асосида санитария-гигиеник воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Бу ерда йилига 4,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Айни пайтда корхонада 50 киши доимий иш билан таъминланди.
– Йил якунига қадар ҳудудий дастур доирасида 134,1 миллион долларлик 81 та лойиҳани ишга тушириб, 2300 дан ортиқ янги иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз, – дейди туман ҳокими. – Йирик лойиҳаларимиздан бири “PASTDARGOM BROYLER KLASTER” масъулияти чекланган жамиятига тегишли. Умумий қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа асосида Элбек маҳалласида паррандачилик кластери ташкил этилмоқда. Бу ерда 1 миллион донадан ортиқ парранда парваришланади ва 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Муҳими, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ички бозор билан бирга хорижга экспортга йўналтирилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, туманнинг “Чимбойобод” массивида 234,3 гектар ер майдонида “Пастдарғом” махсус саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Махсус саноат зонасида фармацевтика, электротехника, тўқимачилик, чарм-поябзал, кимё саноати, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш каби йўналишларда замонавий, энергия тежовчи ва юқори технологияли лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, қиймати камида 500 миллион АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши ва 2000 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Туман ҳокимлиги масъулларининг шу йил январь ойида Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари давомида ушбу саноат зонасида умумий қиймати 288,5 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 10 та меморандум имзоланиб, дастлабки келишувларга эришилди. Ушбу келишувлар асосида хитойлик инвесторлар туманга келиб, лойиҳаларни ишлаб чиқишга киришган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири