Хорижда магистратура ёки докторантурада ўқийдиган давлат хизматчиларининг иш ўрни сақланади
Давлат фуқаролик хизматчиларини янада қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш, давлат органлари ва ташкилотларида профессионал ва салоҳиятли кадрлар қатламини шакллантириш мақсадида уларнинг хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун қўшимча кафолатлар яратилмоқда.
Ҳукумат томонидан қонунчилик ҳуқуқи асосида киритилган мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан давлат хизматчиси хорижий олий таълим муассасасига магистратура ёки докторантурага ўқиш бўйича грант ютганда, иш берувчининг ёзма розилиги асосида унинг иш ўрни (лавозими) сақланиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, иш берувчи томонидан розилик беришда ўқув дастурининг йўналиши ушбу давлат органи фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлишини инобатга олиш назарда тутиляпти.
Лойиҳада ўқув дастури якунлангандан сўнг давлат фуқаролик хизматчиси зиммасига тегишли давлат органи тизимида хорижда таҳсил олиш даврига тенг муддатга ишлаб бериш мажбурияти ҳам юкланмоқда.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА