Хоразмда Худойберган Девонов номидаги кинотеатр очилди
Бугун, 28 сентябрь куни Хоразм вилоятида ўзбек киноси дарғаси Худойберган Девонов номидаги кинотеатр очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказилган ушбу тантанали тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон халқ артистлари Матёқуб Матчонов, Муҳаммадали Абдуқундузов ва бошқалар ушбу янги кинотеатр фаолияти ва унда намойиш этиладиган асарлар аҳоли ва ёшларнинг маънавий юксалишига хизмат қилишини қайд этди.
[gallery-13779]
Мазкур кино даргоҳининг Худойберган Девонов билан аталишида ҳам ўзига хос маъно бор. Негаки, Х. Девоновнинг кино саноати ривожида алоҳида ўрни бор. У ўзбек киноси ва фотографияси асосчиси бўлган. Адабиёт ва санъатга ошно бўлиб, шеърлар ёзган ҳамда кўплаб мусиқа асбобларини чалишни билган Х. Девонов тақдирига фотография ва кинематография соҳасида ном қозониш ёзилган эди. Унинг ушбу йўналишдаги меҳнати ва бой маданий мероси бугунги авлод учун катта мактабдир.
Тадбирда фотокўргазма ва оператор ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий кеча ҳам ташкил этилди. Тантанали маросим доирасида Худойберган Девонов номига “Турксой” олий мукофотининг топширилиши бўлиб ўтди.
Шунданг сўнг “Биринчи қалдирғоч” фильми намойиш этилди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА