Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бошқармаси масъуллари ҳамда Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Янгибозор туманида "Тиббиёт – коррупциядан холи соҳа" мавзусида ташкил этилган очиқ эшиклар куни ва аҳоли учун ўтказилаётган бепул тиббий кўрик жараёнлари билан танишди.
Янгибозор туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган мазкур тадбирда вилоят тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар.
Шунингдек, фуқаролар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган бурчаклар ва кўргазмали материаллар билан танишдилар.

***
Хоразм вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Олимов Боғот туманидаги Ҳуррият, Нурли маскан, Наврўз маҳаллаларида бўлиб, ёшлар билан учрашди.

Мулоқотлар давомида уларнинг бандлиги, касб-ҳунар эгаллаши, ишга жойлашиши ва мавжуд муаммолари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувлар давомида ҳар бир ёшнинг фикри ва мурожаатига алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва муаммоларини манзилли ҳал этиш масалаларига устувор аҳамият берилди.
***
Ўзбекистон Хореография академияси Урганч филиалининг 1-босқич талабалари Лазги санъати тарихи музейига ташриф буюришди.

Ташриф давомида талабалар Хоразм лазги санъати тарихи, ривожланиш босқичлари ва бугунки кундаги турлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.

Экскурсия жараёни қизғин савол-жавобларга бой ўтди ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
А.Шокиров,
ЎзА