Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида “Соғлом инсон – соғлом миллат: Урганч -2025” форумининг тантанали очилиш тадбири бўлиб ўтди.
“Олимпия руҳи – илҳом манбаи, Паралимпия – чексиз ирода!” шиори остида жорий йилнинг 11-13 апрель кунлари ўтказилаётган мазкур форумда университетнинг барча ҳудудлардаги филиалларидан ташриф буюрган 700 нафардан зиёд талаба- ёшлар иштирок этмоқда.
Форум давомида ёшлар футбол, волейбол, шахмат, сузиш, енгил атлетика, қум волейболи, стол тенниси, пара пауэрлифтинг каби олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича ўзаро куч синашадилар.
Шунингдек, форум дастуридан “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви, ижодий учрашувлар, маданий дастурлар, “Ичан қалъа” мажмуаси ҳамда янги барпо этилган “Арда Хива” халқаро туризм маркази бўйлаб саёҳатлар ўрин олган.



***
Хоразм вилоятида санитар тозалаш хизматларини кўрсатувчи корхоналарга навбатдаги чиқинди ташувчи махсус техникалар топширилди.
Хоразм вилояти шаҳар ва туманларида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш қамровини ошириш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида "Эко-Кластер" ҳамда “Хоразм Газ Пайвандчилар” масъулияти чекланган жамиятларига лизинг асосида 5 та чиқинди ташувчи махсус техникалар берилди.
Мазкур техникалар Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида олиб келинган.


***
Хоразмда оқова сувни ноқонуний оқизаётганлар давлатга умумий ҳисобда 150 миллион сўм зарар етказган.
Афсуски, олиб борилаётган кенг тушунтириш ишларига қарамасдан қонунбузарликка қўл ураётган шахслар ҳамон учрамоқда.
Урганч шаҳрида ўтказилган рейд чоғида балиқ маҳсулотлари сотиш шохобчасида фаолият кўрсатувчи "Қудрат Ғайрат” МЧЖ оқова сув қувурига бузуқ ҳисоблагич орқали оқова сув оқизаётгани натижасида “Хоразм сув таъминоти” АЖга 119 млн сўм зарар етказганлиги аниқланди.
Урганч шаҳрида жойлашган “Кактус” меҳмонхонаси ҳам оқова сув тармоғига ўзбошимчалик билан уланганлиги оқибатида “Хоразм сув таъминоти” АЖга 31 миллион сўм зарар етказган.
Қонунбузарлардан зарарни ундириш бўйича судларга ариза киритилди.
***
Хоразмда валюта қимматликлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Гурлан тумани бўлими ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда фуқаро А.К. “Гурлан деҳқон бозори” АЖ олдида фуқаро М.Х.дан 350 000 Россия рублини 52 млн сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Шокиров, ЎзА