Ҳоким ёрдамчилари тажрибаси оширилмоқда
Тошкент вилояти маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган ўқув-амалий семинарлар ўтказилди.
Хусусан, Янгийўл туманида ташкил этилган навбатдаги тадбирда Янгийўл шаҳри, Чиноз, Зангиота, Тошкент ва Янгийўл туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, бандлик бўлим бошлиқлари ҳамда барча маҳаллалар ҳоким ёрдамчилари иштирок этди. Уларга тижорат банклари томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар, муаммоли кредитларни сўндириш, шунингдек, бўш турган бино-иншоотлар ва ер майдонларини аукцион орқали самарали фойдаланиш масалалари кенг тушунтирилди. Шунингдек, томорқа ва деҳқон хўжаликларида замонавий ёндашиш уларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича амалий тавсиялар берилди.

Республика ишчи гуруҳи вакиллари Бекобод шаҳри ҳамда Оққўрғон, Пискент, Бўка, Бекобод ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳоким ўринбосарлари, бандлик бўлим бошлиқлари ва маҳалла ҳоким ёрдамчилари билан ҳам очиқ мулоқот ўтказди. Унда маҳалла ихтисослашганидан келиб чиқиб, гаровсиз кредитлар ажратилиши, шунингдек, “оғир” ҳудудларда эса имтиёзли кредит фоизлари камайтирилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, ссуда, субсидия ва грантлар ажратиш имкониятлари кенгайтирилиб, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий реестрдаги оилаларга қуёш панеллари ўрнатиш учун субсидиялар берилиши маълум қилинди. Яна бир муҳим янгилик – “Imkon.uz” электрон бозори ишга туширилиб, аҳолига ўз маҳсулотларини онлайн сотиш имконияти яратилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев бошчилигида масъуллар ва мутахассислар иштирокида вилоятнинг “оғир” тоифадаги маҳаллаларини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги ишларни ўрганди. Ўрта Чирчиқ туманидаги Аранчи маҳалласи айнан шу тоифага киритилган. Жараёнда масъуллар кредит асосида иссиқхона ташкил этиб, бугунги кунда 100 килограммдан ортиқ кабачка маҳсулотларини бозорга чиқараётган Рустамовлар хонадони тажрибаси билан танишилди. Шу саъй-ҳаракатларнинг ҳисобига оила бу йил ижтимоий реестрдан чиқарилган.
Семинарлар давомида ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолар юзасидан мутахассисларга мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА