Ҳоким ёрдамчилари малака оширмоқда
Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил қилиш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўллари” мавзусида малака ошириш семинари ўтказилмоқда.
Унга Фарғона шаҳри ва яқин ҳудудлардан 205 нафар ҳоким ёрдамчилари жалб этилди. Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 19 апрель куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда фаолияти “қониқарсиз” деб топилган ҳоким ёрдамчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун ўқув-семинарлар ташкил этиш белгиланди.
Семинар аввалида бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, вилоятда 1 минг 55 та маҳаллаларга тайинланган ҳоким ёрдамчилари томонидан жами 759,2 минг хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, “Онлайн маҳалла” (www.online-mahalla.uz) платформасига киритилган. 2022 йилнинг биринчи чорак натижалари бўйича вилоятдаги ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари 100 баллгача тизим бўйича баҳоланди.
Вилоят бўйича Бағдод тумани "Чекхитой" маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Нурмат Ғозиев фаолияти 98,18 балл билан энг юқори кўрсаткичга эга бўлди. Шу билан бирга, етарли даражада иш ташкил этмаган ҳоким ёрдамчилари фаолияти танқид қилинди. Ташкил этилган икки кунлик семинарга олий таълим муассасалари ўқитувчилари, мутахассислар ҳам таклиф этилиб, улар томонидан иштирокчиларга ўз фаолиятларини самарали ташкил қилиш бўйича зарур тавсия ва йўриқномалар берилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА