Ҳоким марказ фаолияти билан танишди
Олдинлари хорижий тил бўйича юқори даражадаги сертификатни қўлга киритган ёшлар учун ўз билим ва салоҳиятини ишга солиш имконияти чекланган эди. Ҳозир эса давлат кўмаги туфайли улар нафақат ўқитувчи, балки таълим соҳасида тадбиркор сифатида ҳам ўз ўрнини топмоқда.
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида фаолият юритаётган “Exact Academy” ўқув маркази ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий самараси сифатида эътироф этилмоқда. Туман ҳокими Азиз Эргашев марказда бўлиб, ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати ва амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Лойиҳа доирасида хорижий тиллар бўйича С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ёшларга 130 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилаётгани юзлаб ташаббускор ёшларнинг ўз ўқув марказларини ташкил этишига замин яратмоқда. Энг муҳими, бу маблағ фақат бир тадбиркорнинг эмас, балки ўнлаб ёшларнинг келажагига йўналтирилган сармоядир.

Бахмалдаги “Exact Academy” фаолиятига назар ташлар эканмиз, давлат томонидан берилган имконият қандай қилиб натижага айланишини кўрамиз. Замонавий синфхоналар, билимли устозлар ва таълим олишга чанқоқ ёшлар — буларнинг барчаси “Кўмак” лойиҳасининг ҳаётий самарасидир.
Бугун бу ерда тил ўрганаётган ёшлар эртага халқаро университетлар талабаси, нуфузли ташкилотлар мутахассиси ёки ўз соҳасининг етакчиси бўлиб етишиши мумкин. Шу маънода, “Exact Academy” фақат таълим маркази эмас, балки ёшлар орзуларига қанот бераётган маскан ҳисобланади.

Битта марказ мисолида кўринаётган бу натижа мамлакатимизда инсон капиталига қаратилган эътибор, ёшларга бўлган ишонч ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил давом этаётганининг яна бир амалий исботидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА