Ходимларга муносиб шароитларда меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатланган
28 апрель - Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни. Бу сана Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан хавфсизлик маданиятини яратиш ва тарғиб қилиш, иш жойларида ҳар йили ўлим ҳолатларини камайтириш, ушбу муаммоларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадида жорий этилган.
Бу сана муносабати билан дунё бўйлаб меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳал этилмаган муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
Ўзбекистонда ҳам бу санага эътибор қаратилиб, давлат органлари, касаба уюшмалари ташкилотлари, иш берувчилар ташкилотлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассислар томонидан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Зеро, миллий қонунчиликда давлат ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос келадиган шароитларда меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Тошкент шаҳрида “Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишнинг янги миллий талабларини жорий этиш” мавзусида ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш вa бандлик вазирлиги, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича масъул раҳбар ва мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янги талабларнинг аҳамиятига эътибор қаратилди. Бу борадаги тизимли ёндашув ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида фикр алмашилди.
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик асослари, меҳнат хавфсизлиги ва психосоциал хавфлар бўйича замонавий ёндашувлар, соғлом муҳитни таъминлашда касаба уюшмаларининг роли, меҳнатни муҳофаза қилиш ва қулай иш шароитларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришдаги хавфларни камайтириш, ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш ва янги миллий стандартларни амалиётга жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Мазкур тадбир меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий ёндашувларни кенг жорий қилиш ва ходимлар учун хавфсиз ҳамда соғлом меҳнат муҳитини яратиш йўлидаги муҳим амалий платформа бўлиб хизмат қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА