Хизматлар экспортида туризм етакчи йўналиш бўлиб қолмоқда
2026 йил январь–июль ойларида Ўзбекистонда хизматлар экспорти ҳажми 7,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 35,3 фоизга кўп. Натижада хизматларнинг мамлакат умумий экспортидаги улуши 36,8 фоизга етди. Хизматлар экспорти таркибида туризм етакчи йўналиш сифатидаги мавқеини сақлаб қолмоқда. Ҳисобот даврида саёҳат (туризм) хизматларининг улуши умумий хизматлар экспортининг 53,8 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич туризм нафақат аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси, балки мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим иқтисодий йўналишга айланиб бораётганини кўрсатади.
Хизматлар экспорти таркибида туризмдан кейин транспорт хизматлари 31,7 фоиз улуш билан иккинчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари 8,5 фоизни, бошқа ишбилармонлик хизматлари эса 2,9 фоизни ташкил этди.
Туризмнинг хизматлар экспортидаги улуши 50 фоиздан юқори бўлиши соҳанинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти ортиб бораётганидан далолат. Хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайиши, янги туристик маҳсулот ва йўналишларнинг яратилиши, меҳмонхона ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, шунингдек, туристлар учун хизматлар сифатининг оширилиши соҳада экспорт ҳажмини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, зиёрат туризми, экологик ва гастрономик туризм йўналишларидаги имкониятлари мамлакатни халқаро туризм бозорида янада жозибадор йўналиш сифатида намоён этиш учун кенг имконият яратмоқда. Умуман, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида қайд этилган натижалар Ўзбекистонда хизматлар экспорти жадал ўсиб бораётганини ва бу жараёнда туризм ҳал қилувчи ўрин тутаётганини кўрсатмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, соҳада янги туристик маҳсулотларни кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва хорижий бозорларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш келгусида хизматлар экспорти ҳажмини янада оширишга замин яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА