Хитой режаси атрофида турфа фикрлар...
Россия-Украина
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель дунё бўйлаб кескинлик кучайиб бораётгани, муаммоларга қарши курашда бирлик йўқлигини таъкидлади. Айни фикрни у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзган.
“Украина атрофидаги можаро глобал инқирозга йўл очди. Хусусан, ХХР ва АҚШ ўртасида кескинлик халқаро тартиб “чок-чокидан йиртилишига олиб келмоқда”, деб ёзди Боррель.
– Россияга қарши чиқарилган янги санкция Ғарб мамлакатларига жуда қисқа вақт учун маънавий қониқиш келтиради, – деди ХХР Жамоатчилик фанлари академияси ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё тадқиқотлари институти ходими Чжан Хун. – Узоқ муддатли келажакда эса ушбу тадбир Украина инқирозини кучайтириши мумкин.
Эрон Хитойнинг Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
“Инқирозга барҳам бериш зарур, мамлакатлар асоссиз бир-бирини айблаши, бир томонлама санкция қўллаш амалиётидан воз кечиш учун ростакам дипломатияни фаоллаштириш вақти келди”, дейилади ҳужжатда.
АҚШ эса Украина бўйича эълон қилинган ташаббусда Хитой томонидан Киевнинг қараши ҳисобга олинмаган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Америка Президентининг миллий масалалар бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан “NBC” телеканалига интервьюсида айтиб ўтган.
“Хитой Раиси Си Цзиньпин Пекин тинчлик режасини бир йил давомида Украина Президенти Владимир Зеленский билан бирор марта ҳам суҳбатлашмасдан илгари сурди. ХХР Россия билан кўп бор мулоқот қилди. Бир томонлама дипломатия натижасида тинчлик ташаббусини илгари суриш жуда мураккаб иш”, дея қўшимча қилди Салливан.
“ЕИ Хитой ташаббусини таҳлил қилиб чиқади. Ҳозирча режада муҳим жиҳатлар қайд этилмаганини айтишим мумкин”, деди ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель.
АҚШ ҳукумати ҳозир Украинадаги вазият Киев томонида, деб ҳисоблашни бас қилиши керак, деди Қўшма Штатлар собиқ (2005-2009 йиллар)Давлат котиби Кондолиза Райс “CBS” телеканали орқали.
“Аввалига Киевга ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини бермаймиз, дедик, аммо кейин етказиб бердик. Худди шундай, танк ва зирҳли техника воситаларини ҳам”.
Саудия Арабистони Украинага 410 миллион доллар миқдорида ёрдам маблағи ажратади, дея баёнот берди Подшоҳлик ташқи ишлар вазири Фейсал бин Фархон Ас-Соуд Зеленский билан Киевда бўлиб ўтган учрашувидан кейин. Бу ҳақда “Al Ekhbariya” телеканали хабар берди.
АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бернс фикрича, Киевнинг жанг майдонидаги муваффақияти зиддият масаласида музокарага олиб келиши мумкин. “CBS” телеканалига берган интервьюсида у “мулоқот бошлаш жараёни бўйича қарорни фақат Киевнинг ўзи ҳал қилиши керак”лигини таъкидлади.
Украина Бош вазири Денис Шмигаль “Focus” журнали мухбирига “...Низони музлатиб қўйишни инсонлар ҳалок бўлишининг олдини олиш йўли сифатида кўриб бўлмайди”, деди. Ҳукумат раҳбари “Украина ва Россияни яраштириш ҳақида яқин 100 йилда гап бўлиши мумкин эмас”, деган фикрни ҳам билдирди.
Ғарб Украинанинг НАТО ва ЕИга аъзо бўлиши ҳамда ушбу давлатга қурол-яроқ етказиб берилиши ғоясидан воз кечиши керак, деди Франция Президентининг собиқ маслаҳатчиси Анри Гено “CNEWS” телеканалига.
“Кескинликни тўхтатиш учун қурол-аслаҳа берилмаслиги керак. Мамлакатга ҳимоя учун етказилган ҳарбий аслаҳа кетидан ҳужум техникаси юборилмоқда. Бунинг охир-оқибати ҳақида ҳеч ким жиддий мулоҳаза қилмаяпти”, деди сиёсатчи.
Аброр ХОН, ЎзА