Хитой Коммунистик партияси ва ЎзЛиДеП ҳамкорлиги муҳокама қилинди
Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегацияси Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига ҳам ташриф буюрди.
Партия етакчиси А.Ҳайитов ва делегация вакилларининг учрашувида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, ЎзЛиДеП ва Хитой Коммунистик партияси ўртасидаги партиялараро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда таъкидланганидек, Ўзбекистон — Хитой муносабатлари кенгайиб боришида давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг юксак даражадаги сиёсий мулоқоти муҳим ўрин тутмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги манфаатли ҳамкорлик натижасида ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 18 миллиард долларга етди. Яқин йилларда мазкур кўрсаткични 30 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Ўзбекистонда Хитой иштирокида амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари портфели эса қарийб 60 миллиард долларни ташкил этмоқда.
«Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлининг барпо этилиши икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш, Марказий Осиёнинг транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва янги иқтисодий имкониятлар яратишда муҳим омил бўлиши қайд этилди.
Учрашувда партиялараро ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталиб ўтилиб, ЎзЛиДеП ва Хитой Коммунистик партияси ўртасида ўтган йили имзоланган ҳамкорлик Меморандуми партиялараро муносабатларни тизимли ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий ва сиёсий пойдевор яратгани таъкидланди. Замонавий сиёсий партиялар фаолиятида рақамли трансформация, сунъий интеллект ва рақамли платформалардан фойдаланиш, фуқаролар билан мулоқотнинг янги механизмларини жорий этиш борасида ўзаро тажриба алмашиш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Партиявий оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қўшма медиа ва ахборот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Мулоқотда ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ҳаётидаги фаоллигини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хитой Коммунистик партияси вакиллари жорий йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ЎзЛиДеП Хотин-қизлар тадбиркорлиги форумида иштирок этишга таклиф қилинди.
Мулоқот давомида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Хитой — Марказий Осиё» сиёсий партиялари мулоқоти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
М.Комилова, ЎзА