Хитой элчиси Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар суръатини юқори баҳолади
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян 17–18 октябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
Ташриф доирасида олий ва юқори даражадаги музокаралар ўтказилиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Ташриф якунлари, эришилган келишувлар ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь жаноблари билан суҳбатлашдик.

– Бош вазиримиз жаноб Ли Цян бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларимиздаги муҳим воқеа бўлди, – деб сўз бошлади элчи. – Ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан самарали учрашув ўтказилиб, ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Ҳамкорликни фаоллаштиришнинг янги йўналишлари, устувор вазифалар ва амалий режалар белгилаб олинди.
Ташриф давомида савдо, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни қамраб олган қатор ҳужжатлар имзоланди. Бу эса ўзаро алоқаларимизнинг янада кенгайиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда изчил ривожланмоқда. Ташриф якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган аниқ вазифалар ва «йўл хариталари» ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Ишончим комилки, бу галги учрашув ва музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлайди.
Делегациямиз ташриф давомида Ислом цивилизацияси марказида ҳам бўлди. Марказда биз Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ва илм-фан тараққиётида тутган ўрни ҳақида кенг тасаввурга эга бўлдик.
Ушбу масканда Буюк ипак йўли, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Ўзбекистоннинг чуқур тарихий ва маданий илдизлари ёрқин намоён этилган. Бу ердаги экспозициялар мамлакатингизнинг буюк ўтмиши билан бирга, унинг келажак тараққиёти учун ҳам улкан салоҳиятга эга эканини кўрсатади.
Халқларимиз бир-бирини янада яхшироқ англаши, ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашида маданий-гуманитар ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шу боис делегациямизнинг ташрифидан кўзланган мақсадлардан бири ҳам маданий ва цивилизациялараро мулоқотни кенгайтириш, тажриба алмашишни ривожлантиришдан иборат. Бу каби алоқалар халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА