Ҳеч бир хотин-қиз эътибордан четда қолмайди
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавияти ва маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаолликларини ошириш бўйича Тошкент шаҳар тажрибасини яратиш чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар тажрибасини яратиш чора-тадбирлар режаси асосида, пойтахтнинг 44 та секторидаги маҳаллаларда ноябрь-декабр ойларида хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ва маданий, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон қадрини ҳамма нарсадан улуғ билиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, одамларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш масаласи янгланиш жараёнларида энг биринчи, устувор масалага айланди. Бу жиҳатлар хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш, муаммоларига ўз вақтида ечим топишга доир ишларда ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 март куни қабул қилган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттиришга оид ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар билан ишлашнинг илгари мисли кўрилмаган янгича механизми амалиётга жорий этилмоқда. Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ўз фаолияти давомида Қорақалпоғистон Республикаси, турли вилоятлар, олис ва энг чекка ҳудудларда опа-сингилларимиз, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни чуқур ўрганиш ва атрофлича таҳлил этишга жиддий эътибор қаратмоқда. Оилалар, хонадонлар, мунис опа-сингиларимизни ўйлантираётган турли масалаларга имкон қадар жойида ечим топишга катта эътибор қаратилмоқда.
Хотин-қизларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини ошириш, шаффофлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш ва тенглигнини ошириш учун ушбу соҳани рақамлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қўмитаси билан ҳамкорликда “Realsoft” масъулияти чекланган жамияти томонидан “xotin-qizlar.uz” – ягона интерактив миллий платформаси ишга туширилди.
Мазкур платформада қуйидаги модуллардан фойдаланиш имкони яратилган. Жумладан, “Сўровнома” модули орқали хотин-қизлар фаоллари томонидан ўз маҳалласидаги истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий эҳтиёжлари, муаммолари ҳақидаги маълумотларни платформага киритиш, уларни таҳлил этиш имкони яратилди.
2022 йилнинг май ойида хотин-қизлар билан аниқ йўналтирилган ижтимоий-психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш мақсадида 7 та бўлим, 17 та йўналиш ҳамда 138 та кўрсаткичлардаги маълумотларни ўз ичига олган “Хотин-қизлар баланси” ишлаб чиқилди. “Хотин-қизлар баланси”ни шакллантириш мақсадида 9 минг 349 та маҳаллада хотин-қизлар фаоллари ҳамда тегишли масъуллар томонидан “хонадонбай” хатлов ўтказилиб, анкета сўровномалари тўлдирилди.
Натижада 17 миллион 630 минг нафардан зиёд хотин-қизнинг анкета сўровномалари “xotin-qizlar.uz” миллий платформасига киритилди. “Хотин-қизлар баланси”да хотин-қизлар ҳақида умумий маълумот, бандлиги, мутахассислиги, оилавий, ижтимоий ҳолати, саломатлиги ҳамда “Аёллар дафтари”га тавсия этилганлиги ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Муаммолар модулига маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари фаолиятининг асосий йўналишлари – 7 та йўналиш – оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш, ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш, профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар билан ишлаш, миграциядаги хотин-қизларнинг оиласи билан ишлаш, хонадон гигиенаси ҳамда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш бўйича 1 майдан амалга оширган ишлари, яъни аниқлангани муаммолар ва уларни бартараф этилганлиги ҳақидаги маълумотлар киритилмоқда.
Республика маҳаллаларидаги хотин-қизлар фаоллари томонидан ажрим ёқасидаги кўплаб оилалар яраштирилди. Ишлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланмоқда. Касб-ҳунарга ўқитиш ва иш ўрганиш истагида бўлган кўплаб хотин-қизлар аниқланган бўлиб, касб-ҳунарга ўқитилди. Ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланган бўлиб, уларга ўз вақтида зарур кўмак кўрсатилмоқда. Айни пайтда профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар ҳам аниқланган бўлиб, уларнинг муаммоси ҳал этилаяпти.
“Аёл-қўмита” модули ҳудудлардаги ўзгаришлар, республика идораларидаги кўп сонли мурожаатлардан кўринадики, “Аёллар дафтари”га киритиш мезонларига кўра дафтарга киритлмаган хотин-қизларнинг муаммолари қайд этилмоқда. “Аёллар дафтари”нинг тоифаларига тўғри келмаганлиги сабабли дафтарга киритилмаган, бироқ муаммоларини ҳал қилишга муҳтож бўлган хотин-қизларни аниқлаш ҳамда уларга тизимли ёрдам беришни ташкил этиш, миграциядаги хотин-қизларнинг оиласи ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига манзилли ёрдам беришни ташкил этиш мақсадида “Аёл-қўмита” электрон платформаси ташкил қилинди. Ушбу платформага намунадаги анкета-сўровнома асосидаги маълумотлар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда хотин-қизлар тизимида ишлаётган опа-сингилларимизнинг малакасини ошириш мақсадида уч босқичли ўқувчилар ташкил этилди.
Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари учун эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва маҳаллада ижтимоий хизматларини юритиш бўйича 3 босқичли ўқув курсларида хотин-қизлар фаолларидан иборат тингловчилар ўқитилди.
Шу билан бирга ҳар ҳафтада шанба кунлари мамлакатимизнинг барча туманларида хотин-қизлар фаолларининг ўз касбий фаолиятини янада кучайтириш, билимларини ошириши бўйича ўқув-амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси хотин-қизларга оид муаммоларни тизимли, турли ташкилот ва идоралар билан ҳамжиҳатликда, ўз вақтида ва самарали ҳал этиш имконини бермоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири