Хайрли ва манфаатли манба
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида кўп жилдли “Ислом энциклопедияси”ни яратиш жараёнида бир жилдли мухтасар “Ислом” энциклопедияси ҳам нашр этилди.
Маълумки, ҳар қандай энциклопедия муайян давр ва жамиятнинг ўзига хос кўзгуси бўлиб, унда халқнинг маънавий қадриятлари, маданий анъаналари ва илмий қарашлари ўз аксини топади. Шу маънода “Ислом” энциклопедияси ҳам бугунги исломшунослик илмининг муҳим ютуқларини мужассам этган фундаментал манба ҳисобланади. Энциклопедик нашрлар доимий равишда такомиллашиб борувчи, янги маълумотлар билан бойитиладиган узлуксиз жараён маҳсулидир. Шу боис, улар жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни илмий асосда шарҳлаб борадиган муҳим маърифий манба вазифасини бажаради.
Китобхонлар таклиф ва истаклари, шунингдек, кейинги йилларда исломшунослик соҳасида амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижалари инобатга олиниб, энциклопедиянинг мазмуни қайта кўриб чиқилди. Таҳрир ҳайъати томонидан унинг мақолалари янгиланди, тўлдирилди ва шаклан ҳам такомиллаштирилди.
Нашрни тайёрлашда мамлакатимиз ҳамда хорижнинг 80 нафардан ортиқ исломшунос олимлари ва соҳа мутахассислари муаллиф, таржимон ва тақризчи сифатида иштирок этди. Шунингдек, араб, турк, форс ва рус тилларидаги нуфузли манбалардан кенг фойдаланилди.
Энциклопедия Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўқувчиларга йўллаган табриги билан бошланади. Унда Ислом дини тарихи ва таълимоти, унинг асосий рукнлари, шариат ва тариқат қоидалари, муқаддас қадамжолар, машҳур масжид ва мадрасалар, саҳобалар ва тобеинлар, муҳаддислар, фақиҳлар, муфассирлар, мутасаввифлар, азиз-авлиёлар ҳамда ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар ҳақида алифбо тартибида тизимли маълумотлар берилган.
Шу билан бирга, илмий жамоатчиликка яхши таниш бўлмаган айрим шахслар ва ноёб асарлар ҳақидаги маълумотлар ҳам илмий муомалага киритилган. Энциклопедиядан Қуръони Каримнинг барча 114 сураси ўрин олган.
Унда жами 1232 та мақола жамланган бўлиб, шуларнинг 351 таси биографик мақолалардан иборат. Мақолаларнинг қарийб 30 фоизи маҳаллий мавзуларга, қолган қисми эса умумисломий ва умумбашарий аҳамиятга эга воқеа-ҳодисалар, тушунчалар ва шахсларга бағишланган. Шунингдек, китобга ўзбекистонлик муфтийлар, муфассирлар ва жаҳонга машҳур уламолар ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилган.
Ушбу академик нашрни яратишдан кўзланган асосий мақсад ислом дини ва мусулмон маданияти ҳақида холис, илмий асосланган маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимизнинг маънавий-маърифий меросини асраб-авайлаш, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ислом илмлари тараққиётига қўшган ҳиссасини муносиб эътироф этишдан иборат. Шу билан бирга, мазкур нашрни тайёрлаш диний билимларнинг сохта ва бузиб талқин қилинишига қарши маърифий иммунитетни кучайтириш ҳамда ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришдек мақсадларни кўзлайди.
Мазкур энциклопедиянинг улкан маънавий-маърифий аҳамиятини ҳисобга олиб, уни дастлаб инглиз, француз, араб ва рус тилларига, кейинчалик эса бошқа тилларга ҳам таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган.
Н.Усмонова, ЎзА