Ҳайрат ва илҳом маскани
Шу йил сентябрь ойида Оролбўйи ҳудудида ўша жойда бўлиб ўтган маданий-маърифий лойиҳаларни кенг ёритиш мақсадида бўлдим.
Рости, қуш учса қаноти куядиган бу ҳудудларга бориш масаласи бир соат ичида, кутилмаганда аниқ бўлганди, ўшанда. Лекин олган таассуротларим, дафтарга ҳам, онгимга ҳам йиққан маълумотларим анчага, жуда анчага етиши аниқ!
Биз билганимиздан билмаганимиз кўп бўлган қўҳна тарих, унинг сир-синоатлари, афсоналар, мўъжизалар, асрорларга тўлиб-тошган қадимий қалъа ва шаҳристонлар, илдизи теран маданият, бой маърифий мерос, ҳеч қаер билан солиштиришнинг ҳам иложи бўлмайдиган табиат манзаралари, мард, бир сўзли, матонатли, самимий одамлар ..., бари ҳайратимни оширди.

Яна англадимки, Оролбўйи ҳудудига жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан сайёҳлар оқими тўхтамас экан. Сезишимча, улар бу ҳудудни мамлакатимизнинг пурвиқор тоғлари, сўлим боғларидан ҳам кўра кўпроқ яхши кўришаркан. Кенгликлардан, бепоёнлигу чексизликдан ҳайратланишар, илҳому ижодий қувват, яхши энергия олишаркан!
Ажабо! Мадори қуриган Орол эса ҳаётнинг, борлиқнинг, табиатнинг қадр-қимматини англашга, хатоларни такрорламасликка бонг уриб чорлайверади гўё!
Яна билдимки, бу ҳудуддан ижодкорлар ҳам руҳий қувват, илҳом, ижодга даъват олишар экан! Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси, Қорақалпоғистон халқ рассоми Сарсенбай Байбосинов Мўйноқ туманидаги Орол денгизининг қуриган сатҳи узра этюд ишлаётганининг гувоҳи бўлдик. Ишонамизки, унинг туркум картиналари кўп кўргазмалар, музейлар, галереяларни безайди.
Дарҳақиқат , жонажон Ватанимизнинг ҳар тупроғи биз учун жуда азиз ва қадрли.

Назокат Усмонова, ЎзА