Хайр мактаб, салом, нурли келажак!
25 май куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида 2021/2022 ўқув йили якунига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
"Сўнгги қўнғироқ" тадбирларига мактаб ўқувчилари, уларнинг устозлари ва ота-оналари таклиф этилди.
Ана шундай тантанали тадбир пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 294-сонли кимё ва биология фанига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Эрта тонгданоқ, мактабнинг файзли ҳовлисида бу йил мазкур билим масканини тамомлаётган ўқувчилар сафландилар.
... Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мактабларни битирувчи ўғил-қизларимизга табригини Миробод тумани ҳокимининг ўринбосари Саидрасул Саидхонов ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, жорий ўқув йилининг якуни ҳар қачонгидан ҳам файзли, байрамона руҳда ўтмоқда. Рости, икки йилдан ортиқроқ давом этган пандемия ўқув йили якунини файзли давраларда нишонлаш имконини бермаган эди. Давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига табриги наинки ўқувчи-ёшларимиз, балки ота-оналар, меҳрибон устозлар руҳиятига янада кўтаринкилик бағишлади.
294- мактаб директори Муқаддас Эгамбердиева тантанали тадбирда мамлакатимизда ёшлар келажаги йўлида ғамхўрлик кўрсатиш охирги 5-6 йилларда мутлақо янгича босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Бундан кўп йиллар аввал жажжигина болакай қиёфасида мактаб остонасига қадам қўйган ўғил-қизлар эндиликда ўз мустақил орзу-истаклари сари дадил қадам қўя бошлаган йигит-қизларга айланди.
- Ўқишда, одобда барчага ибрат бўлишга арзигулик сиз - ёшлар маҳалламизнинг фахру ғуруридир, - деди "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурашид Аллаев. - Шундай қутлуғ кунларда барча ёшларимиз ўзлари кўзлаган мақсадларга эришиши йўлида оқ йўл тилаймиз.
Тадбирда фан олимпиадаси, спорт мусобақалари, китобхонлик, бадиий ижод танловларида ғолиб бўлган ўқувчилар, намунали хулқи, барча фанларни аълога ўзлаштирган ўғил-қизлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
- Кейинги йилларда мактаб таълимига кўрсатилаётган эътибор ўқитиш сифатига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда, - деди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Чарос Юсупова.- Бунинг натижасида ўқитувчилар ўз устида тинимсиз изланмоқда. Ўқитиш сифати янада ортди. Ўқувчиларимиз кўплаб фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, бадиий ижод танловларида муваффақият қозонмоқда.
Тантанали тадбирда шунингдек, иқтидорли бир гуруҳ ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам ташаккурномалар топширилди.
- Бугун ҳар бир тенгдошимнинг қалбида чексиз ҳаяжон, - деди 11-синф битирувчиси Баҳодир Остонов. - Юртбошимизнинг биз - мактаб битирувчиларига табриги бизни янада руҳлантирди, ишончимизни тобора орттирди.
Президентимиз табригида қайд этилганидек, бу йил республикамизда 390 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар умумтаълим мактабларини битирмоқда. Ўз билим ва истеъдодини Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсадларга сарфлашга чоғланиб турган тиришқоқ ва интилувчан фарзандларимиз – бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир.
Тадбирда битирувчилар билимлар билан бирга одамийлик сабоғидан дарс берган устозларига миннатдорлик билдирдилар. Президентимиз, халқимиз, ўқитувчилари ишончини оқлашга ваъда бердилар.

Тадбирда жонажон Ўзбекистонимизни, ёшларга кўрсатилаётган меҳр ва эътиборни, меҳр ва садоқатни тараннум этувчи шеърлар, қўшиқлар янгради. Тадбир якунида ўқувчилар "Хайр , мактабим" қўшиғини жўрликда ижро этдилар. Ҳа, ёшлар мактаб билан хайрлашган бўлсалар-да, катта ва залворли синовларнинг, ҳаёт имтиҳонларининг бари ҳали олдинда...
Осмонга турфа рангдаги юзлаб шарлар учмоқда. Ҳа, бундай тадбир каттаю ёшни бирдек ҳаяжонга солгани аниқ! Сўнгги қўнғироқ садолари янграйди. У ўқувчиларга қувонч, ҳаяжон, шодлик кўз ёшларини бағишлади!
"Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари мамлакатимизнинг барча мактабларида бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА