Хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда
Совуқ кунлар бошланиши билан хонадонларда табиий газдан фойдаланиш ҳажми ортиб, иситиш мосламалари фаол ишлатила бошлайди. Бу эса газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, тутун йўлларининг созлигини таъминлаш ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш масаласини янада долзарб қилади.
Президентимиз ташаббуси билан аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқаролар учун хавфсиз яшаш муҳитини яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳолининг хавфсизлик маданиятини оширишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятининг Жондор туманида газ таъминоти ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги тадбир туманнинг “Ушот” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди. Унда хонадон эгаларига табиий газдан фойдаланишда белгиланган хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, газ жиҳозларининг техник ҳолатини мунтазам текшириб бориш, дудбуронларнинг созлигини таъминлаш ва уларни ўз вақтида тозалаш зарурлиги тушунтирилди. Шунингдек, қўлбола ва ностандарт газ ускуналаридан фойдаланишнинг хавфли оқибатлари ҳақида огоҳлантирилди.
Мулоқотлар давомида айрим истеъмолчиларнинг хавфсизлик қоидаларига бепарво муносабати турли бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Зеро, газ билан боғлиқ фожиаларнинг аксариятига оддий эҳтиёт чораларига риоя қилмаслик, носоз жиҳозлардан фойдаланиш ва тутун йўлларини ўз вақтида тозаламаслик каби омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Мутахассислар аҳоли эътиборини яна бир муҳим жиҳатга қаратмоқда: хавфсизлик чораларини фақат совуқ кунлар бошланганидан кейин эмас, балки мавсумга тайёргарлик давридаёқ кўриш зарур. Чунки олдиндан аниқланган ва бартараф этилган ҳар бир носозлик инсон ҳаётини асраб қолишда муҳим аҳамиятга эга.
Бундай профилактик тадбирларнинг аҳамияти шундаки, улар фақат огоҳлантириш билан чекланмай, ҳар бир хонадонда хавфсизликка масъулият билан ёндашиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, ис гази ҳидсиз ва рангсиз бўлгани боис, унинг хавфини ўз вақтида сезиш қийин. Шунинг учун соз вентиляция, тўғри ишлайдиган дудбурон ва хавфсизлик талабларига амал қилиш ҳаётий заруратдир.
Айни йўналишдаги тарғибот-тушунтириш ишлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилмоқда. Асосий мақсад — куз-қиш мавсумини фавқулодда ҳолатларсиз ўтказиш, аҳоли саломатлиги ва ҳаётини ишончли муҳофаза қилишдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири