Хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳити: 300 минг нафардан ортиқ шахс масофавий ўқув курсларини якунлади
Президентимизнинг 2026 йил 21 сентябрдаги «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ижросини таъминлаш доирасида давлат органлари ва ташкилотларида хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳитини шакллантиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хавфсиз, соғлом ва ўзаро ҳурматга асосланган меҳнат муҳитини яратиш – самарали бошқарувнинг муҳим шартларидан бири. Бунда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, хизмат этикаси ҳамда касбий мулоқот маданиятини ривожлантириш ҳар бир давлат хизматчисидан зарур билим ва масъулиятни талаб этади.
Шу боис, Президент Администрацияси Давлат хизматида инсон капиталини ривожлантириш лойиҳа офиси мувофиқлаштирувида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кўмагида меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган махсус масофавий ўқув курси ишлаб чиқилди.
edu.bsa.uz онлайн малака ошириш платформасига жойлаштирилган, 8 модулдан иборат масофавий курс давлат хизматчиларига қулай вақтда билим олиш, зарур компетенцияларини мустақил ривожлантириш имконини бермоқда.
Ўқув дастуридан меҳнат муносабатларида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, хизмат этикаси, ўзаро ҳурмат, касбий мулоқот, низоли вазиятларни тўғри ҳал этиш ҳамда хавфсиз иш муҳитини шакллантиришга оид назарий билимлар ўрин олган.
Бугунги кунга қадар 300 минг нафардан зиёд фойдаланувчи мазкур онлайн ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Айни пайтда ҳам курсларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Ҳозирда 20 минг нафардан ортиқ фуқаро ушбу курсларда ўз билим ва кўникмаларини оширишда давом этмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА